Тергов ёки суд ишларини ҳал этишга аралашганлик ва судга ҳурматсизлик учун қандай жавобгарлик белгиланди?
2026 йил 11 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун асосида Жиноят кодексининг 236-моддаси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 180-моддасига ўзгартишлар киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ректори, юридик фанлар доктори Шерзод Абдуқодиров мазкур ўзгаришлар моҳияти ва аҳамияти ҳақида гапириб берди:
– Мустақиллик йилларида, айниқса, 2016 йилдан кейинги ислоҳотлар босқичида Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, уни ижро этувчи ва қонун чиқарувчи ҳокимият органлари, шунингдек, ҳар қандай манфаатдор шахсларнинг ноқонуний таъсиридан ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Шу нуқтаи назардан, тергов ва суд ишларини ҳал этишга ноқонуний аралашишнинг олдини олиш, бундай ҳаракатлар учун жавобгарликнинг аниқ ва самарали механизмларини белгилаш доимий долзарб аҳамият касб этмоқда.
Янги қонун билан Жиноят кодексининг 236-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Мазкур нормага ўзгартириш киритилгунга қадар амалда бўлган таҳрирда тергов ишларига ҳам, суд ишларига ҳам аралашиш ягона жиноят таркиби доирасида, улар ўртасида фарқ қўйилмаган ҳолда тартибга солинган ва нисбатан қатъий санкциялар белгиланган эди. Янги таҳрирда эса мазкур норма таркибий жиҳатдан қайта шакллантирилиб, тергов фаолиятига аралашиш ҳамда суд ишларига аралашиш билан боғлиқ ҳаракатларни мустақил жиноят таркиблари сифатида ажратиш имкони яратилди.
Норманинг қайта таҳрир қилиниши, аввало, юридик-техник нуқтаи назардан, умумий субъект томонидан содир этиладиган аралашувни мансабдор шахс томонидан ўз хизмат мавқеи ва ваколатларидан фойдаланган ҳолда содир этиладиган аралашувдан аниқ фарқлашга қаратилган. Бунда жиноий жавобгарликни табақалаштириш (дифференциация) принципи изчил амалга оширилган. Яъни, умумий субъект томонидан содир этилган қилмиш учун нисбатан енгилроқ жазо назарда тутилган бўлса, мансабдор шахс томонидан хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган қилмиш учун унинг ижтимоий хавфлилиги ва мавжуд ваколатларидан келиб чиққан ҳолда кучайтирилган жавобгарлик белгиланган.
Жиноят таркиби нуқтаи назаридан таҳлил қилинганда, мазкур жиноятнинг объекти одил судловни амалга ошириш соҳасидаги ижтимоий муносабатлар, шунингдек, суриштирув ва тергов органлари, прокуратура ҳамда суд фаолиятининг қонун билан белгиланган тартибини таъминловчи ижтимоий муносабатлар ҳисобланади. Жиноятнинг объектив томони эса суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья ёки халқ маслаҳатчисига нисбатан турли шаклларда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказишда ифодаланади.
Қонун нормасида таъсир ўтказишнинг айнан «қонунга хилоф» бўлишига урғу берилиши мазкур жиноят таркибининг норматив-бланкет хусусиятини намоён этади. Бинобарин, муайян таъсирнинг қонуний ёки ноқонуний эканлиги ҳар бир конкрет ҳолатда жиноят-процессуал, маъмурий, давлат фуқаролик хизмати ва бошқа тегишли қонунчилик нормалари асосида аниқланиши лозим.
Жиноятнинг субъектив томони бевосита қасд билан тавсифланади. Бунда айбдор шахснинг мақсади тергов бўйича ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона ўрганишга тўсқинлик қилиш, суд иши бўйича эса ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқишга халақит бериш ёхуд адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор қабул қилинишига эришишдан иборат бўлиши мумкин.
Жиноят субъекти умумий бўлиб, ўн олти ёшга тўлган, ақли расо жисмоний шахс бўлиши мумкин. Шу билан бирга, мансабдор шахс томонидан хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган ҳаракатлар алоҳида, оғирроқ жавобгарликни назарда тутувчи ҳолат сифатида белгиланган. Бу эса жавобгарликни шахснинг ҳуқуқий мақоми ва унинг таъсир ўтказиш имкониятларига мутаносиб равишда белгилашга хизмат қилади.
Судга ҳурматсизлик билан боғлиқ маъмурий жавобгарлик соҳасида ҳам муайян аниқлаштиришлар амалга оширилди. Хусусан, амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 180-моддасида гувоҳ, жабрланувчи, даъвогар, жавобгар, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг судга келишдан қасддан бўйин товлаши, мазкур шахслар ёки бошқа фуқароларнинг раислик қилувчининг фармойишига бўйсунмаслиги, шунингдек, суд мажлиси вақтида тартибни бузиши судга ҳурматсизлик сифатида белгиланган.
Янги ўзгартишларга кўра, норма диспозициясидаги «суд мажлиси пайтида» деган ибора «ёки суд биносида» деган сўзлар билан тўлдирилди. Мазкур ўзгартишнинг амалий аҳамияти шундаки, судга ҳурматсизлик учун маъмурий жавобгарлик энди фақат суд мажлиси жараёнида содир этилган ҳаракатлар билан чекланмайди. У суд мажлиси бошланишидан олдин ёки тугаганидан кейин суд биносида, жумладан, кутиш заллари ва бошқа тегишли хоналарда содир этилган ҳурматсизлик ҳаракатларини ҳам қамраб олади.
Шу тариқа, мазкур ўзгартиш суд мажлиси жараёнидан ташқарида, бироқ суд биносида содир этилган ҳуқуққа хилоф ва суд нуфузига путур етказувчи хатти-ҳаракатларни ҳуқуқий жиҳатдан қамраб олишга хизмат қилади. Буни амалиётда мавжуд бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этишга қаратилган мақсадли қонунчилик чораси сифатида баҳолаш мумкин.
Умуман олганда, тергов ва суд фаолиятига ноқонуний аралашиш учун жавобгарлик белгилаш ҳуқуқий тизимларда одил судловни ҳимоя қилишга қаратилган универсал ҳуқуқий институтлардан бири ҳисобланади. Турли ҳуқуқий тизимларда мазкур институт «одил судловга тўсқинлик қилиш», «судга ҳурматсизлик» ва бошқа шу каби ҳуқуқий категориялар орқали ифодаланади.
Судьялар мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлашга қаратилган халқаро стандартлар ҳам давлатлардан судьялар ва одил судловни амалга оширувчи бошқа субъектларни ҳар қандай ноқонуний таъсирдан самарали ҳимоя қилишга қодир ҳуқуқий механизмларни шакллантиришни талаб этади. Шу нуқтаи назардан, тергов ва суд ишларига аралашиш учун жавобгарликни табақалаштириш, мансабдор шахс томонидан содир этилган аралашув учун кучайтирилган жавобгарлик белгилаш, шунингдек, суд биносида содир этилган ҳурматсизлик ҳаракатларини маъмурий жавобгарлик доирасига киритиш суд ҳокимияти мустақиллигини институционал жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган миллий ҳуқуқий чоралар сифатида баҳоланиши мумкин.
Бундай ёндашув, бир томондан, суд ва тергов органларининг қонуний фаолиятига ташқи таъсир ўтказилишининг олдини олишга, иккинчи томондан эса, одил судловнинг холислиги, мустақиллиги ва самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, жавобгарлик чораларининг қилмишнинг хусусияти, субъектнинг мақоми ва унинг ижтимоий хавфлилик даражасига мутаносиб равишда белгиланиши жиноий-ҳуқуқий сиёсатнинг адолат ва дифференциация принципларини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Норгул Абдураимова, ЎзА