Зеленский: Украина энергия бўйича сулҳга тайёр
Президент Владимир Зеленский Киев Россия билан энергетика объектларига зарба беришни тўхтатиш бўйича келишувга тайёрлигини билдирди. Унинг айтишича, Украина бундай ташаббусга рози, аммо Москва ҳозирча худди шундай мажбуриятни зиммасига олмаган. Дональд Трамп Москва ва Киев бир-бирининг энергетика инфратузилмасига ҳужум қилмасликка келишганини айтган бўлса-да, бундай битим ҳали расман тасдиқланмаган.
Зеленский таъкидлашича, Киевнинг тушунчасида бу сулҳ ҳар қандай қуролдан фойдаланган ҳолда энергетика объектларига зарба бермасликни англатади. У Украина биринчи бўлиб ҳужум қилмаслиги, аммо РФ зарбаларига имконият даражасида жавоб беришини айтди. Шунингдек, АҚШ вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер билан мулоқот чоғида нефтни қайта ишлаш заводлари ва бошқа энергетика объектлари масаласи муҳокама қилинганини очиқлади.
Москва эса ташаббусни ҳозирча бир томонлама талқин қилмоқда. Кремлга яқин ахборот манбалари Трамп эълон қилган ташаббусни Киев узоқ масофага зарбаларни тўхтатиши кераклиги билан изоҳлаган, Россия Украина энергетика тизимига ҳужумни чеклаши ҳақида эса аниқ мажбурият келтирилмаган. Кремль вакиллари ғояни “жуда яхши” дея баҳолаган. Шу билан бирга масалани нефть ташувчи танкерлар учун хавфсиз тижорий қатновни таъминлаш ҳамда Россияга нисбатан санкцияни бекор қилиш талаби билан боғлаган.
Украина сўнгги пайт Россиянинг нефтни қайта ишлаш заводлари ва бошқа нефть инфратузилмасига зарбани кучайтирган. Киев бундай объектлардан келадиган даромад урушни молиялаштиришга хизмат қилаётганини таъкидламоқда. Россия эса Украина электр ва газ тармоғига мунтазам ҳужум уюштириб келяпти. Бу эса миллионлаб аҳолини навбатдаги қиш олдидан жиддий хавф остида қолдирмоқда. Шу тариқа, энергетика объектларига зарба беришни тўхтатиш бўйича ташаббус мавжуд бўлса-да, жараённи икки томонлама келишувга айлантириш масаласи ҳамон очиқ.
Мусулмон Зиё, ЎзА