Замонасидан ўзиб кетган даҳо: Ибн Сино илмий меросининг тиббиёт ва табиатшуносликка таъсири
Ибн Сино ўз даврининг назарий қолипларидан чекиниб, тиббиёт, табиий ва аниқ фанлардаги кашфиётлари билан тизимли кузатув, тажриба ва қатъий мантиққа асосланган илмий услубнинг пойдеворини яратди.
Абу Али ибн Синонинг илмий мероси унинг биринчи навбатда назариётчи эмас, балки амалиётчи ва тажрибачи бўлганини кўрсатади. Унинг ҳар бир соҳадаги ютуқлари бевосита кузатув, синчков таҳлил ва мавжуд билимларни шубҳа остига олиш қобилиятига асосланган. Тиббиётда у инсоният тарихида биринчилардан бўлиб касалликларнинг кўзга кўринмас қўзғатувчилар орқали тарқалиши мумкинлиги ҳақидаги фаразни илгари сурди. Бу кашфиёт вабо ва ўлат каби юқумли хасталикларни бир-биридан аниқ фарқлашга ва улар кенг тарқалишининг олдини олиш учун беморларни бошқалардан ажратиш (карантин) тамойилини жорий этишга олиб келди. Бу ўрта асрлар учун мисли кўрилмаган илғор қадам эди. У касалликларни аниқлашда ҳам янги усулларни қўллади: қорин бўшлиғидаги суюқлик ва газ йиғилишини фарқлаш учун қоринни бармоқ билан чертиб кўриш (перкуссия) усулини кашф қилди – бу услуб 600 йилдан сўнг Европада қайта кашф этилди. Шунингдек, у ҳозирда қандли диабет деб номланувчи хасталикни бемор организмидан ажралувчи суюқликлар таркибидаги ўзгаришлар асосида аниқлаш усулини тавсифлаган.
Унинг жарроҳлик соҳасидаги хизматлари ҳам улкандир. Ибн Сино жарроҳлик амалиётларида оғриқни сездирмаслик мақсадида кучли таъсирга эга доривор гиёҳлардан тайёрланган махсус воситаларни қўллаб, амалий анестезия фанига асос солди. У томоқни кесиб, нафас йўлига най ўрнатиш (трахеотомия), хавфли шишларни олиб ташлаш, суяклар чиқишини оддий босиш билан созлаш (ҳозиргача “Авиценна усули” деб аталади) ва синган аъзоларни қотирувчи боғламлар билан маҳкамлаш каби ўнлаб мураккаб амалиётларни муваффақиятли бажарган. Бу усулларнинг аксарияти унутилиб, бир неча асрлардан сўнггина Европа тиббиётида “янги ихтиро” сифатида қайтарилди.

Ибн Синонинг илмий қизиқишлари тиббиёт билан чегараланмади. У геология соҳасида тоғларнинг икки хил йўл билан: кучли зилзилалар натижасида ер қобиғининг кўтарилиши ёки сув ва шамол таъсирида атрофдаги ерларнинг емирилиши орқали пайдо бўлишини илмий асослаб берди. У тоғ жинслари орасидан денгиз мавжудотларининг тошқотган қолдиқларини топиб, бу ҳудудлар қачонлардир денгиз туби бўлганини ва ер юзаси доимий геологик ўзгаришда эканини исботлади. Бу кашфиёт ўз даврининг дунё яратилиши ҳақидаги тасаввурларига нисбатан дадил назария эди.
Кимё соҳасида у алкимёгарларнинг оддий металларни олтинга айлантириш мумкинлиги ҳақидаги минг йиллик уринишларига назарий нуқтадан зарба берди. “Китоб аш-шифо” асарида у ҳар бир металл ўзига хос, такрорланмас модда эканини, уларни бир-бирига айлантириш имконсизлигини таъкидлади. Шу орқали у кимё фанини мистик қарашлардан тозалаб, уни илмий асосга қўйишга улкан ҳисса қўшди. У, шунингдек, минералларни илмий тасниф қилган биринчи олимлардандир. Унинг маъданларни тошлар, эрийдиган жисмлар (металлар), олтингугуртли бирикмалар ва тузларга бўлиши ўрта асрлар учун мукаммал тизим эди.
Аниқ фанлар борасида Ибн Сино амалий астрономияга янгилик киритди. У Журжон шаҳрининг географик узунлигини Ойнинг энг баланд нуқтасини кузатиш орқали аниқлаш усулини ишлаб чиқди. Бу усул ўз даври учун юқори аниқликка эга бўлиб, Европада Вернер томонидан 500 йилдан кейингина қайта таклиф этилди. Ҳатто мусиқага ҳам у илмий нуқтаи назардан ёндашиб, товушлар орасидаги интерваллар, ритм ва гармониянинг математик қонуниятларини ўрганди ва кейинчалик Европада “соф тизма” деб ном олган товушқаторни илмий асослаб берди. Бу кашфиётларнинг барчаси Ибн Синонинг ягона илмий услуби – табиатни бевосита кузатиш, тажриба ўтказиш ва олинган натижаларни мантиқий таҳлил қилиш орқали ҳақиқатга интилиш тамойилининг маҳсули.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади,
ЎзА