Нукусда илк “Ақлли уй” халқаро лойиҳаси амалга оширилмоқда
Энергияни тежаш бугунги куннинг энг муҳим масалаларидан бирига айланди. Табиий ресурслардан мақсадга мувофиқ фойдаланиш, аҳолига қулай яшаш шароитини яратиш, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш йўлида замонавий технологияларни ҳаётга татбиқ этишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Мана шундай илғор ташаббусли лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида биринчи марта, намунали тажриба сифатида иш бошлади. Германия ҳамкорлик ташкилоти кўмагида, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси Нукус филиалининг буюртмаси асосида Нукус шаҳридаги “Кўк ўзак” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди 26-кичик туманда жойлашган кўп хонадонли уй-жойнинг бирида энергия самарадорлиги асосида модернизация қилиш ишлари бошланди.

Қурилишнинг тендер баҳоси 5 миллиард 764 миллион 103 сўм бўлиб, лойиҳа доирасида бинога замонавий иссиқлик изоляцияси ўрнатилади. Уйнинг томи ва ташқи фасади энергия тежовчи материаллар билан қопланиб, муҳандислик-коммуникация тармоқлари янгиланади. Деразалар энергия тежовчи турларига алмаштирилади.
Ушбу халқаро лойиҳанинг мақсади – иссиқлик энергияси йўқотишларини камайтириш, коммунал харажатларни қисқартириш, кўп қаватли уйлар аҳолиси учун йилнинг барча мавсумида қулай микроиқлим яратиш ҳамда энергия ресурсларидан тежамли фойдаланиш.
Мутахассисларнинг фикрича, энергия самарадорлигига қаратилган бундай ечимлар, нафақат табиий ресурсларни тежаш, балки атмосферага чиқадиган зарарли чиқиндиларни камайтиришга муносиб ҳисса қўшади.
Энг эътиборлиси, ушбу лойиҳа келгусида Оролбўйида “яшил иқтисодиёт”ни йўлга қўйиш, замонавий ва хавфсиз, энергия тежовчи уй-жойларни қуришда тажриба вазифасини бажаради.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири