Тадбиркорларнинг муаммолари тингланди
Нурота туманидаги Эшон Судур маҳалласида “Ўзмиллийбанк” АЖ Навоий вилояти бош бошқармаси бошлиғи Зиёдулло Адизов иштирокида сайёр қабул ташкил этилди.
Юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бизнес юритиш учун қулай муҳит яратиш, молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, банк хизматларининг очиқлиги ва аҳолига яқинлигини таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Натижада давлат идоралари, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари аҳоли ҳамда тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш орқали муаммоларни жойида ҳал этишмоқда. Айниқса, жойларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар тадбиркорларнинг мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш, янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва мавжуд тўсиқларни бартараф этишда самарали механизмга айланмоқда.
[gallery-30371]
Сайёр қабулда 30 дан зиёд тадбиркор қатнашиб, кредитлаш, айланма маблағларни тўлдириш, бизнесни кенгайтириш, банк хизматларидан фойдаланиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, кадастр, электр энергияси билан боғлиқ масалалар юзасидан ўз таклиф ва мурожаатларини билдирди.
– 10 йилдан буён Миллий банк мижозиман, – дейди Нурфахр маҳалласида фаолият олиб бораётган “Говсуворлар” МЧЖ раҳбари Муҳиддин Бозоров. – Яқинда фаолиятимни янада кенгайтириш мақсадида аукцион савдоларида қатнашиб, 2 та карьер сотиб олдим. Натижада тош майдалаш ускунаси сотиб олишга эҳтиёж пайдо бўлди. Ускунани Туркия давлатидан сотиб олишни режалаштирганман. Ускуна қиймати қарийб 150 минг доллар атрофида экан. Менга тахминан 80 минг доллар керак. Шу мақсадда бугунги сайёр қабулда иштирок этиб, банк раҳбарига мақсадимни, келгуси режаларимни айтиб бердим ва маблағ сўрадим. Банк раҳбари албатта керакли маблағ ажратилишида амалий ёрдам беришини билдирди.
Келгусида ускунани сотиб олсам, яна бир нечта қўшимча иш ўринлари яратаман.
Мулоқот давомида ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилди. Жойида ҳал этиш имкони мавжуд бўлган масалалар юзасидан амалий ечимлар топилди, қўшимча ўрганиш талаб қилувчи мурожаатлар эса масъулларга бириктирилиб, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгиланди
Бугунги кунда бундай очиқ мулоқотлар нафақат тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал қилиш, балки банк тизими ва бизнес вакиллари ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда. Энг муҳими, ҳар бир мурожаат ечими янги иш ўринлари, аҳоли даромадларининг ўсиши ва ҳудуд иқтисодиётининг ривожланишига хизмат қилаётганлиги билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари