Юқори иқтисодий ўсиш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг устувор йўли
Муносабат
Мамлакатимизда тармоқ ва ҳудудларнинг барқарор ҳамда юқори суръатлардаги иқтисодий ўсишини таъминлаш бугун давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган навбатдаги йиғилишда айнан шу масала – иқтисодиётни янги сифат босқичига олиб чиқиш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Жумладан, ўтган йил якунларига кўра, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 7,7 фоизга ўсиб, 147 миллиард доллардан ошди. Бу рақамлар жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб геосиёсий вазият ва глобал иқтисодий тебранишлар шароитида эришилганини инобатга олсак, натижанинг аҳамияти янада яққол намоён бўлади.

Энг муҳими, иқтисодий ўсишнинг ярмидан кўпи хизматлар соҳаси ҳисобига таъминлангани, бир долларлик қўшилган қиймат яратиш учун сарфланган энергия харажатлари 15 фоизга камайгани иқтисодиётимизда таркибий ва сифат жиҳатдан ўзгаришлар кечаётганидан далолат беради. Қишлоқ хўжалигида гектаридан ўртача даромад 4,5 минг доллардан 5 минг долларгача ошди, меҳнат унумдорлиги 4,7 фоизга кўтарилди. Буларнинг барчаси иқтисодиётимизнинг янги босқичга ўтаётганини кўрсатади.
Эришилган натижаларни сақлаб қолган ҳолда, иқтисодий барқрорликни таъминлаш биз учун устувор вазифа саналади. Шу боис, 2026 йил учун 6,6 фоизлик иқтисодий ўсиш ва ялпи ички маҳсулот ҳажмини 167 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Бу эҳтиёткор ҳисоб-китоб бўлиб, мавжуд имкониятлар тўлиқ сафарбар этилса, бундан ҳам юқори натижаларга эришиш мумкин.
Шу боис, Президентимиз ҳар бир вазир, ҳоким ва тармоқ раҳбари ўз соҳасига замонавий бошқарувни жорий этиши, сунъий интеллект ва рақамлаштириш имкониятларидан фойдаланиши, инновация ва стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаши шартлигини таъкидлади. Бу ёндашув иқтисодиётда экстенсив эмас, балки интенсив ўсиш моделини қарор топтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, йиғилишда жорий йил учун 50 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш режаси белгилангани маълум қилинди. Хорижий инвестицияларни ўзлаштиришда янги лойиҳалар, аввало, юқори қўшилган қийматли ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришга хизмат қилиши кераклиги белгиланди.
Қолаверса, эндиликда инвестиция дастурига киритилаётган ҳар бир лойиҳа унинг бозори, экспорт салоҳияти, яратадиган иш ўрни ва қўшилган қиймати асосида танланади. Хусусан, 165 миллиард долларлик 377 та стратегик лойиҳа алоҳида назоратга олиниб, уларнинг амалга оширилиши уч йил давомида мониторинг қилинадиган “Ягона миллий лойиҳа бошқаруви” платформаси жорий этилади.
Хорижий сармоя кириб келганда, одатда инвестор ўзининг халқаро ҳамкорлик тармоғи, логистика йўналишлари ва савдо алоқаларини ҳам олиб киради. Бу эса маҳаллий маҳсулотлар учун янги экспорт бозорларини очади. Масалан, хорижий компания билан қўшма корхона ташкил этилса, ишлаб чиқарилган маҳсулотни инвесторнинг мавжуд дистрибьюторлик тармоқлари орқали Европа, Осиё ёки Яқин Шарқ бозорларига олиб чиқиш имконияти пайдо бўлади. Шу жиҳатдан қараганда, инвестиция фақат завод ёки ускуна дегани эмас. У маркетинг, стандартлаштириш, халқаро сертификатлаш ва рақобат муҳитига мослашиш имконияти ҳамдир.
Албатта, бу жараёнда маҳаллий маҳсулотлар улушини ошириш ҳам устувор вазифага айланади. Шу мақсадда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги ташкил этилди. Халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳаларда маҳаллий улушни камида 25–30 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.
Маҳаллийлаштириш лойиҳалари учун 10 йилгача хорижий валютада 6 фоизли ва миллий валютада 12 фоизли кредитлар ажратилиши, илғор технологиялар трансфери учун 1 миллион долларгача компенсация берилиши тадбиркорлик фаоллигини янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.
Сир эмаски, иқтисодий ўсишни таъминлашда энергия самарадорлиги ва логистика тизими ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис, кичик ва ўрта корхоналарда энергия тежамкорлик бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқилади.
Жумладан, 2026 йилда 100 миллион куб метр газ ва 500 миллион киловатт-соат электр энергиясини тежаш режалаштирилган. 917 мингта кўча ёритиш чироғини босқичма-босқич қуёш панеллари ва автоматик датчиклар билан жиҳозлаш ташаббуси нафақат бюджет харажатларини қисқартиради, балки “яшил иқтисодиёт” тамойилларини амалда таъминлайди.
Ўтган йили экспорт 22 фоизга ўсиб, 24 миллиард долларга етди. Бироқ экспорт географиясини диверсификация қилиш, янги маҳсулотлар билан янги бозорларга чиқиш устувор вазифа сифатида қўйилди. “Made in Uzbekistan” кўргазмаларини Африка, Яқин Шарқ ва Европа давлатларида ташкил этиш, “100 та маҳсулот акселератори” дастурини бошлаш орқали экспортни йиллик камида 25 фоизга ошириш мумкин.
Айниқса, йиғилишда муборак Рамазон ойи арафасида нарх-наво барқарорлигини сақлаш, арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркаларини ташкил этиш белгиланганлиги, ўйлайманки мен каби барча юртдошларимиз кутган янгилик бўлди.
Умуман олганда, белгиланган чора-тадбирлардан кўриш мумкинки, эндиликда иқтисодий ўсиш шунчаки рақамлар орттириш эмас, балки қўшилган қиймат, самарадорлик, инновация ва экспортга йўналтирилган янги сифат босқичига олиб чиқилади.
Энг муҳими, барча ислоҳотлар марказида инсон манфаати турибди. Юқори иқтисодий ўсиш – бу аввало янги иш ўринлари, барқарор даромад, тадбиркорлик учун кенг имконият ва ҳар бир оиланинг эртанги кунга бўлган ишончи демакдир.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА