Ўзбекистон - Афғонистон: Фармацевтикада 500 миллион долларлик ҳамкорлик
Ўзбекистон – Афғонистон иқтисодий ҳамкорлигида янги давр бошланди. Хусусан, фармацевтика соҳасида эришилган муҳим келишувлар минтақавий савдо ва аҳоли саломатлиги учун кенг имконият очмоқда.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизовнинг Кобулга ташрифи давомида икки мамлакат ўртасида муҳим келишувларга эришилди. Афғонистон саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий билан кечган музокарада асосий эътибор юртимизда ишлаб чиқарилаётган дори воситаларини ушбу қўшни давлат бозорига етказиб беришга қаратилди. Маҳсулотларимиз сифати ва нархи Афғонистон учун жозибадор экани эътироф этилди.
Томонлар яқин истиқболда савдо айланмасини 500 миллион долларга етказишни мақсад қилган. Бунинг учун махсус ишчи гуруҳлар тузилади, дори-дармонни халқаро стандарт асосида жўнатиш ва сақлаш тизими йўлга қўйилади, йирик дистрибьюторлар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузилади, техник гуруҳлар эса доимий ахборот алмашинувини таъминлайди.
Яқин кунларда мазкур келишувларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамловчи расмий ҳужжатлар имзоланиши кутиляпти. Мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширадиган мазкур ташаббус қардош юрт аҳолисини сифатли, ҳамёнбоп дори воситалари билан таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА