Хорижий сайёҳларга Ўзбекистонда харид қилинган товарлар учун ҚҚС қайтарилади
Эндиликда хорижий сайёҳларга Ўзбекистонда сотиб олинган товарлар учун ҳисобланган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) “Tax free” тамойили асосида қайтариб берилади. Бу амалиёт мамлакатда туризмни ривожлантириш, савдо ҳажмини ошириш ва хизматлар сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, шу муносабат билан Урганч халқаро аэропорти ҳудудида чет эл фуқаролари томонидан амалга оширилган харидларни текшириш ҳамда ҚҚС маблағларини қайтариш учун ҳужжатларни расмийлаштиришга мўлжалланган махсус сервис шохобчаси ташкил этилди.

Мазкур тизимни жорий этишдан асосий мақсад чет эл фуқароларига ҚҚС қайтариш тизими қамровини кенгайтириш, 2026–2027 йилларда хорижий фуқаролар томонидан амалга ошириладиган харидлар ҳажмини 10 баробарга ошириш, чакана савдо соҳасида ҳисоб-китоблар шаффофлигини таъминлаш, яширин товар айланмасини қисқартириш ва солиқ тушумларини ошириш шулар жумласидан.

Маълум қилинишича, “Tax free” маблағлари товарлар мамлакатдан олиб чиқиб кетилганидан сўнг 3 иш кунидан кечиктирмаган ҳолда хорижий фуқароларнинг банк картасига ўтказиб берилади. Бунда ҚҚС қайтариш учун минимал харид қиймати 300 минг сўм этиб белгиланган.

Мазкур механизм жорий этилиши мамлакатга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини кўпайтириш, миллий брендлар ва маҳаллий маҳсулотлар экспортини рағбатлантириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Ш.Маматуропова,
ЎзА