Ёшларга ишонч — янги Ўзбекистон тараққиётининг энг катта сармояси
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ёшлар куни муносабати билан "Олимпия шаҳарчаси"да ёшлар билан ўтказган учрашуви ва унда билдирилган фикрлар мамлакатимизда инсон капиталига, айниқса, ёш авлодга қаратилаётган юксак эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Давлатимиз раҳбари ёшлар учун амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг натижалари ҳамда келгусида ҳаётга татбиқ этиладиган янги ташаббусларни атрофлича баён қилди.
Бугунги кунда дунё тараққиётига назар ташласак, мамлакатлар ўртасидаги рақобат табиий бойликлар ёки ҳудуд кенглиги билан эмас, балки билим, технология ва инсон капитали билан белгиланаётганини кўрамиз. Президентимиз ҳам айнан шу ҳақиқатга урғу бериб, янги Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим таянчи билимли, замонавий фикрлайдиган ва ташаббускор ёшлар эканини алоҳида таъкидлади. Бу эса мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати узоқни кўзлаган стратегик йўналиш сифатида шаклланганини англатади.
Сўнгги йилларда ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳасида мутлақо янги тизим шаклланди. Ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчилари фаолияти йўлга қўйилди, “Ёшлар дафтари” орқали юз минглаб йигит-қизларнинг муаммолари ҳал этилмоқда. Таълим, бандлик, тадбиркорлик ва ижтимоий ҳимоя бўйича самарали механизмлар ишга тушириляпти. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида ёш тадбиркорлар сони бир неча баробарга ошди, миллионлаб ёшлар хорижий тиллар ва замонавий касбларни ўрганиш имкониятига эга бўлмоқда. Халқаро олимпиадалар ва спорт мусобақаларида қўлга киритилаётган юксак натижалар ҳам ана шу тизимнинг амалий самараси десак, янглишмаган бўламиз.

Президентимиз томонидан эълон қилинган янги ташаббуслар эса ёшлар сиёсати янада юқори босқичга кўтарилаётганидан далолат беради. “Келажак билимлари экотизими” орқали ҳар йили юз минглаб ёшларни замонавий касбларга ўқитиш, “касб ваучери” тизимини жорий қилиш, хусусий ўқув марказлари ва техникумларни қўллаб-қувватлаш, хорижда таҳсил олаётган ёшлар билан тизимли ишлаш каби ташаббуслар ҳар бир ўғил-қизга кенг имкониятлар яратади.
Айниқса, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект соҳасига қаратилган эътибор бугунги замон талабларига тўлиқ мос келади. Суперкомпьютер кластери, сунъий интеллект лабораториялари, янги IT-Парклар, “Менинг биринчи компьютерим” дастури, иқтидорли талабалар учун махсус стипендиялар ҳамда стартапларни молиялаштириш тизимининг кенгайтирилиши мамлакатимизнинг рақамли иқтисодиётга ўтиш жараёнида ёшлар ҳал қилувчи кучга айланишини англатади. Бу имкониятлар нафақат янги иш ўринлари яратади, балки ўзбекистонлик ёшларни халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош кадрларга айлантиришга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари ёшлар билан бўлиб ўтган мулоқотда уларнинг ғоя ва таклифларини диққат билан эшитгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу мамлакатимизда давлат ва ёшлар ўртасида очиқ мулоқот муҳити шаклланганини кўрсатади. Ёшлар томонидан илгари сурилаётган инновацион ғоялар, стартаплар, экологик лойиҳалар, маданий ва маърифий ташаббусларнинг давлат даражасида қўллаб-қувватланаётгани уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, яратилаётган имкониятлар фақат пойтахт ёки йирик шаҳарларда яшовчи ёшларга эмас, балки энг чекка қишлоқлардаги иқтидорли ўғил-қизларга ҳам тенг даражада етказилмоқда.
Бугун мен Ёшлар кунини ёш олим сифатида эмас, балки ёшларнинг илмий салоҳиятини ривожлантиришга ҳисса қўшишга интилаётган устоз сифатида қарши оляпман. Бу мен учун катта ғурур билан бирга, улкан масъулият ҳам бағишлайди. Шу ўринда ҳар бир ёшга айтмоқчиманки, орзуларингиздан ҳеч қачон воз кечманг, илмни танланг, изланишдан чарчаманг. Боиси, бугунги изланувчан ёш — эртанги куннинг етук олими, муҳандиси, ихтирочиси ва Ватан тараққиётининг бунёдкори бўлади.
Президентимизнинг Ёшлар кунига бағишланган нутқи нафақат байрам табриги, балки мамлакатимиз ёшлари учун янги тараққиёт дастури сифатида аҳамият касб этди. Унда илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар минглаб йигит-қизларнинг ҳаётини ижобий томонга ўзгартириш, уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш ҳамда янги Ўзбекистоннинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади. Мен ҳам ана шу ёшлар сафида эканимдан, илм йўлида эришган ютуқларим ортида давлатимиз томонидан яратилган имкониятлар мужассам эканидан чексиз фахрланаман. Зеро, ёшларга бўлган ишонч ва улар учун яратилаётган кенг шароитлар мамлакатнинг энг қимматли сармоясидир.
Санжар ШОҚЎЧҚОРОВ,
Тошкент давлат техника университети бўлим бошлиғи,
техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент
ЎзА