Ўзбекистон делегацияси Испаниянинг илғор ўрмончилик тажрибасини ўрганди
Ўзбекистон ўрмон хўжалиги соҳаси вакилларидан иборат делегация Испаниянинг Паленсия шаҳрида ўрмонларни барқарор бошқариш, иқлим ўзгаришига мослашув ҳамда биохилма-хилликни сақлаш бўйича илғор амалий тажрибани ўрганди.
Ташриф БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Глобал экологик фонд (GEF) томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистоннинг тоғли ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Делегация таркибида ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров, лойиҳа координатори Азизбек Абдумухторов, Ўрмон хўжалиги агентлиги вакиллари борлигини қайд этиш керак.
Дастур давомида делегация Паленсия ўрмон ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳалар, дала амалиётлари ва замонавий бошқарув ёндашувлари билан яқиндан танишди. Иштирокчилар ўрмончилик тамойиллари, турли ёшдаги дарахтлардан ташкил топган ўрмонларни бошқариш ҳамда иқлим ўзгариши шароитида ўрмон экотизимларининг барқарорлигини ошириш масалаларини ўрганди.
ФАОнинг ЎзАга маълум қилишича, делегациямиз аъзолари Bosque Modelo Palencia президенти Роберто Алонсо бошчилигида ўрмонларда дарахтларни белгилаш амалиётини ҳам кузатди.

– Ўрмонлар биохилма-хилликни сақлаш, сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига мослашишда муҳим аҳамият касб этади. Паленсияда ўрганилган тажриба Ўзбекистонда табиатга яқин ўрмончилик ёндашувларини кенгайтириш ҳамда ўрмонларни узоқ муддатли барқарор бошқариш бўйича олиб борилаётган ишларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, – деди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров.
Ташриф давомида ўрмон гидротехникаси билан боғлиқ объектларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Сув оқимларини тартибга солиш, эрозиянинг олдини олиш, тупроқни ушлаб қолиш ва ўрмон ҳудудларида гидрологик барқарорликни таъминлаш бўйича амалий ечимлар ўрганилди.
Паленсияда ўрганилган тажриба Ўзбекистон шароитида ҳам долзарб аҳамиятга эга. Хусусан, тоғолди ва эрозияга мойил ҳудудларда тош-гидротехник иншоотлардан фойдаланиш, сув оқимини секинлаштиришга оид ёндашувлар ўрмонларнинг ҳимоя функциясини кучайтиришга хизмат қилади.
– Паленсия ўрмонида қўлланилаётган табиатга яқин ёндашувлар Ўзбекистон шароитида ҳам амалий аҳамиятга эга эканига ишонч ҳосил қилдик. Айниқса, ҳар бир дарахтни индивидуал баҳолаш, табиий тикланиш жараёнларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ўрмонларнинг экологик барқарорлигини сақлашга қаратилган усуллар самарали тажриба бўлди. Деҳқонободдаги тоғолди ва қурғоқчил ҳудудларда бундай ёндашувларни маҳаллий шароитга мослаштириш ўрмонларнинг иқлим ўзгаришига чидамлилигини ошириш, тупроқ эрозиясининг олдини олишга ёрдам беради, – деди Деҳқонобод ўрмон хўжалиги директори Абдурауф Нортожиев.

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА