Тиббиёт хабарлари
Ижтимоий тармоқларда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағларининг ажратилиши юзасидан турли саволлар ва муҳокамалар пайдо бўлди.
Муносабатда таъкидланишича, давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий қилишдан асосий мақсад — аҳолига тиббий хизматлар кўрсатилиши учун маблағларни ажратишда тенглик, адолат ва шаффофликни таъминлашдан иборатдир.
Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 сентябрдаги “Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида фаолият юритаётганини эслатиб, қуйидаги муҳим фактларни маълум қилди.
Биринчидан, Жамғарма маблағларидан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши Жамғарманинг ички аудит хизмати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан қатъий назорат қилинади.
Иккинчидан, Жамғарманинг юқори бошқарув органи Кузатув кенгаши ҳисобланади. Кенгаш раиси этиб Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими белгиланган. Таркибга Соғлиқни сақлаш вазири, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси, Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси раиси ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар вакиллари киритилган. Жамғарманинг даромад ва харажатлари прогнози ҳамда йиллик харажатлар тақсимоти айнан ушбу Кенгаш томонидан тасдиқланади.
Учинчидан, имтиёзли тоифадаги беморларни даволаш харажатларини қоплаш учун Давлат бюджетидан 2025 йилда 1 200,0 миллиард сўм ажратилган эди. Бироқ давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилган ҳақиқий тиббий ёрдам харажатлари 1 400,0 миллиард сўмни ташкил этган.
Тўртинчидан, режадан ошиқча кўрсатилган тиббий ёрдам харажатларини қоплаш учун жорий йилда Давлат бюджетидан маблағлар ажратилмоқда. Ушбу харажатлар Жамғарма Кузатув кенгаши қарорлари асосида босқичма-босқич қоплаб борилмоқда.
Жамғарма ўз фаолиятида очиқлик ва шаффофлик тамойилларига қатъий амал қилишини ҳамда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш, уларга қарши муросасиз курашиш борасида оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчилик фаоллари билан ўзаро ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.
Маълумот учун, мазкур масалалар юзасидан мурожаат йўллаш ёки қўшимча маълумот олиш учун Жамғарманинг 1149 қисқа рақами ҳамда +998 71 207 19 23 телефон рақамига боғланиш мумкин.
***

Россия Федерациясининг Соғлиқни сақлаш соҳасида назорат бўйича федерал хизмати — Росздравнадзор таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази делегацияси Қозон шаҳрида бўлиб ўтган VI “NOVAMED-2026” халқаро форуми ишида иштирок этди.
Тиббий жиҳозлар муомаласи соҳасидаги энг нуфузли халқаро платформалардан бири ҳисобланган мазкур форум давлат регуляторлари, халқаро экспертлар, илмий доиралар ва ишлаб чиқарувчиларни бир майдонга жамлади. Тадбир давомида тиббий жиҳозларни давлат томонидан тартибга солиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, пост-маркетинг назорати, хавфсизлик мониторинги, рақамлаштириш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Форумнинг "Тиббий буюмлар бозорида халқаро ҳамкорлик: замонавий чақириқлар" мавзусидаги халқаро сессиясида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази вакили томонидан "Ўзбекистон Республикасида тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг миллий тартиби ва унинг ўзига хос жиҳатлари" мавзусида маъруза тақдим этилди.
Маърузада мамлакатимизда тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини такомиллаштириш, тартиб-таомилларни рақамлаштириш, маҳсулотларнинг сифати, хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлаш, шунингдек халқаро стандартларни миллий амалиётга босқичма-босқич жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, Марказ вакиллари форумнинг пост-маркетинг назорати ва vigilance тизимларига бағишланган махсус сессияларида иштирок этиб, унинг доирасида тиббий жиҳозлар хавфсизлигини мониторинг қилиш, ножўя ҳодисаларни қайд этиш, рискларни бошқариш, post-marketing surveillance тизимини рақамлаштириш ҳамда регулятор органлари ўртасида маълумот алмашинувини йўлга қўйиш бўйича илғор халқаро тажрибалар ўрганилди.
Форум доирасида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази делегацияси қатор хорижий регулятор органлари ва соҳа мутахассислари билан учрашувлар ўтказиб, тиббий жиҳозларни тартибга солиш, экспертиза, давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларини такомиллаштириш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари бўйича фикр алмашди.
***

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 октябрдаги тегишли қарори билан, мансабдор шахслар назорат қилувчи орган томонидан уч йилда камида бир марта аттестациядан ўтказилиши белгиланган бўлиб, "Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази" давлат муассасасида Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш ва фарминспекция бошқармаси ходимларининг аттестацияси бўлиб ўтди.
Аттестация комиссиясига Марказ директори Алишер Темиров раислик қилди. Комиссия таркибида директор ўринбосари Мирзоҳиджон Қодиров, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг етакчи инспектори Д.Насретдинов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Қонунчилик ҳужжатлари ижроси устидан жамоатчилик назорати бўлими бошлиғи Ш.Камалов, тадбиркорлик субъекти вакили Ислом Исматов ҳамда Аттестация комиссияси котиби Б.Тошниязов иштирок этди.
Аттестация давомида ходимларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятида давлат назоратини амалга оширишга оид амалдаги қонунчилик ҳужжатлари бўйича билим ва кўникмалари баҳоланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги тегишли фармони, 2022 йил 13 сентябрдаги тегишли қарори, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори ҳамда назорат тадбирларини ўтказиш тартиби, текширувлар жараёнида назорат қилувчи органлар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларига оид масалалар юзасидан саволлар берилди.
Мазкур аттестация назорат тадбирларини амалга оширувчи ходимларнинг касбий билим ва малакасини мустаҳкамлаш, уларнинг амалдаги қонунчилик талабларини чуқур ўзлаштирганлигини баҳолаш ҳамда давлат назоратини очиқлик, шаффофлик ва қонунийлик тамойиллари асосида олиб боришни таъминлашга қаратилган.
Моҳигул Қосимова, ЎзА