Ёш офицерлар Ватанга садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қилди
Ички ишлар вазирлиги Академиясини тўққиз юз нафар курсант тамомлаган бўлса, уларнинг қарийб юз нафарини қизлар ташкил этади.
Эътиборлиси, 33 нафар курсант имтиёзли диплом билан тамомлаган бўлса, уларнинг икки нафарига муддатидан олдин катта лейтенант махсус унвонлари тақдим этилди.
Битирувчилардан 4 нафари Ички ишлар вазири стипендияси, бир нафари “Жалолиддин Мангуберди” ва икки нафари “Чўлпон” стипендияларига, 10 нафари “Академия аълочиси” кўкрак нишонига сазовор бўлган. 127 нафари эса миллий ва халқаро танловларда юқори ўринларни қўлга киритган.
Бундан ташқари, курсантлар жаҳон, Осиё ва республика миқёсидаги нуфузли спорт мусобақалари ҳамда турдош олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган беллашувларда 30 та медални қўлга киритган.

Бу рақамлар Ички ишлар вазирлиги Академияси курсантларининг битирув тадбирида қайд этилди.
Тадбирда ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов давлатимиз раҳбарининг ёшларга бўлган юксак ишончи, уларни Ватанимизнинг чинакам олтин фонди сифатида шаклланишлари учун яратилаётган шароитлар бугун ўз самарасини бераётганини таъкидлади.
Академияда йўлга қўйилган илғор ёндашувлар, яратилган улкан имкониятлар курсантларнинг сифатли таълим олиши, ўз салоҳияти ва иқтидорини рўёбга чиқариши, турли йўналишларда ютуқларни қўлга киритишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Кундузги таълим бакалавриатида ихтисослик йўналишлари кўпайтирилиб, кадрларни мақсадли тайёрлашга қаратилган мутлақо янги механизмлар татбиқ этилди.

Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, нуфузли меҳмонлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва ҳарбий тузилма раҳбарлари томонидан курсантларга дипломлар тантанали тарзда топширилди. Ҳар бир ёш офицер қўлига дипломни олар экан, Ватанга садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қабул қилди.
Тантанали марш билан бутун майдонни айланиб чиққан шахсий таркиб охирги бор сафга тизилди. Академиядаги сўнгги кун, олдинда эса ёш лейтенантларни улкан масъулиятли вазифалар, Ватан тинчлигини, халқ осойишталигини муҳофаза қилишдек шарафли хизмат кутмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА