Бўзатовда аҳоли даромадини оширишга қаратилган ишлар самара бермоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 февралдаги “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасида ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар бўйича оғир тоифага киритилган Бўзатов, Қонликўл, Мўйноқ ва Шуманай туманларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Мазкур ҳудудларда аҳоли даромадини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва камбағалликни қисқартиришнинг самарали механизмларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу борадаги амалий ишлар натижасини Бўзатов тумани мисолида ҳам кўриш мумкин.
[gallery-30035]
Туманнинг “Бўзатов” маҳалла фуқаролар йиғинида бугунги кунда 812 та хонадонда 5 минг 552 нафар аҳоли истиқомат қилади. Жорий йил март ойидан бошлаб маҳалла еттилиги ташаббуси билан қарийб 30 нафар фуқарога тадбиркорлик, ишлаб чиқариш ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини йўлга қўйиши учун банклар томонидан 12 фоизли имтиёзли кредитлар ажратилди. Шунингдек, 12 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди.
Маҳаллада яшовчи уй бекаси Малика Жолдасбаева ҳам эрта баҳорда томорқасида юқори навли картошка етиштириш ва паррандачилик фаолиятини кенгайтириш мақсадида ҳоким ёрдамчиси кўмагида имтиёзли кредит олган эди. Айни пайтда унинг меҳнати ўз самарасини бера бошлаган.
Бўзатов туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА