Шуманайдаги бунёдкорлик ишлари журналистлар нигоҳида
Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай тумани ҳокимлигининг Ахборот хизмати ташаббуси билан ҳудудда қурилиш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлари ва эришилаётган ижобий натижаларни кенг жамоатчиликка яқиндан таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун медиа-тур ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 декабрдаги “2026 — 2028 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Оқжап” овул фуқаролар йиғини ҳудудида қурилаётган 90 ўринли мактабгача таълим ташкилотининг қурилиш майдонида бўлиб, амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишишди. Мазкур объект бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган бўлиб, умумий лойиҳа қиймати 5 миллиард 858,6 миллион сўмни ташкил этади. Ҳозирги кунда “Perspektiva Montaj Nukus” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташқи пардозлаш, электромонтаж ва бино томини ёпиш ишлари олиб борилмоқда.

Шундан сўнг медиа-тур иштирокчилари “Бирлешик” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 27-сонли умумтаълим мактабининг янги биноси қурилиш ишлари билан танишишди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилмоқда. Иншоотнинг умумий лойиҳа қиймати 6 миллиард 969,1 миллион сўмни ташкил этиб, бугунги кунда “Real-Engineer” масъулияти чекланган жамияти томонидан пойдевор кўтариш ишлари давом этмоқда.

Президентимиз томонидан Шуманай туманида 2026 йилнинг давлат дастурлари асосида барча манбалар ҳисобидан жами 124 миллиард 800 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган. Шундан давлатимиз раҳбариннинг 2025 йил 27 декабрдаги “2026 — 2028 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан туманда жами 5 объектда 26 миллиард 408 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари, 2025 йил 14 август кунги “Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида 2 объектда 9 миллиард 169,1 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрель кунги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида “Ташаббусли бюджет” жараёнининг жорий йилги 1-босқич лойиҳаларига 6880,86 миллион сўм маблағ ажратиш белгиланган. Шундан “Оқжап” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Донолар” аҳоли пунктидаги иккита кўчани таъмирлаш ишлари бўйича тендер савдоси якуни билан “Universal Premium Stroy" масъулияти чекланган жамияти, ушбу аҳоли пункти ҳудудидаги яна 2 та кўчани таъмирлаш ишлари бўйича тендер савдоси якуни билан “Dorstroy Formula” масъулияти чекланган жамияти ғолиб деб топилди. Тумандаги “Тоза бозор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 4 та кўчани таъмирлаш ишлари бўйича тендер савдолари орқали қурилиш корхоналари аниқланмоқда.
Бундан ташқари, туман Ободонлаштириш бошқармаси қарамоғидаги жами 9 маҳаллада 16 км ички йўлни таъмирлаш ишлари бўйича 2026 йил 4 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган бўлиб, бугунги кунда 5,7 км ички йўлларга қум-шағал аралашмаси ётқизиб таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек туманга 357 дона кўча чироғини ўрнатишга 369 миллион сўм маблағ ажратиш белгиланган бўлиб, бугунги кунда 197 дона кўча чироғи алмаштирилди.
Медиа-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар қурилиш жараёнлари, бажарилаётган ишлар сифати ва истиқболдаги режалар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишди. Бундай тадбирлар жамоатчиликни ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан холис ва тезкор таништириш, шунингдек, ахборотнинг очиқлигини таъминлашга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари