“Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг Республика босқичи старт олди
Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳамда қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда 15 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг 2026 йилги Республика босқичи иштирокчилари бугун эрта тонгдан пойтахтимизда кутиб олинди.
Вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидан келган жами 13 та жамоа таркибидаги 130 нафар ўқувчи ўғил-қизлар шу кунга қадар мусобақанинг дастлабки икки босқичида, яъни туман (шаҳар) ва вилоят босқичларида ғолибликни қўлга киритганлар. Эндиликда уларни Республика (финал) босқичидаги шиддатли беллашувлар кутиб турибди.
Режага кўра, мамлакатимизнинг турли чегараолди ҳудудларидан келган жамоалар дастлаб, Ўзбекистон Ёшлар ишлари Агентлиги биносида жам бўлдилар. Бу ерда уларни Агентликнинг ҳарбий бўлим бошлиғи Элёрбек Худойбердиев мусобақанинг якуний босқичига етиб келганлари билан қутлаб, беллашув шартларида муваффақиятлар тилади.
Шунингдек, суҳбат давомида бугун мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, улар учун яратилаётган имкониятлар ва берилаётган имтиёзлар хусусида ҳам батафсил маълумот бериб ўтилди.
Шундан сўнг, ўқувчи ёшлар ДХХ Чегара қўшинлари фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи видеороликларни томоша қилиш баробарида, ҳарбий хизматчилар билан ҳам суҳбатлашиб, соҳанинг ўзига хосликлари ҳақида маълумотларга эга бўлдилар.
Ёш чегарачиларнинг пойтахтимиз бўйлаб саёҳати давом этмоқда. Олдинда уларни "Заковат" интеллектуал беллашуви ва "Ғалаба боғи" ёдгорлик мажмуасига саёҳат кутиб турибди.
Майор Фарида Бобожонова,
фотосуратлар Шаҳзод Ёдгоров.