«Ўзбекистон-2030» стратегияси: маҳалла аҳоли ва давлат органлари ўртасидаги таянч кўприкка айланади
«Ўзбекистон-2030» стратегияси мамлакат тараққиётининг стратегик йўналишларини белгилаб берувчи муҳим дастурий ҳужжатдир. Унда инсон капиталини ривожлантириш, барқарор иқтисодий ўсиш ва қонун устуворлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириш каби вазифаларга алоҳида ёндашилган. Шунингдек, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини янги босқичга олиб чиқиш бўйича аниқ мақсад ва вазифалар белгиланган.
«Ўзбекистон-2030» стратегиясининг IV йўналиши бўлган «Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш» йўналиши давлат органлари фаолиятини инсон манфаатларига яқинлаштириш, бошқарув жараёнларида очиқлик ва ҳисобдорликни кучайтириш, суд-ҳуқуқ тизимида инсон ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш ҳамда давлат хизматларини замонавий рақамли шаклга ўтказишни назарда тутади.
Мазкур йўналишнинг муҳим жиҳатларидан бири — маҳалла институтининг ролини кучайтиришдир. Стратегияда маҳаллани аҳоли ва давлат органлари ўртасидаги «таянч кўприк»ка айлантириш вазифаси белгиланган. Бу орқали маҳалла фақат мурожаатларни қабул қилувчи ёки маълумот етказувчи тузилма эмас, балки ҳудуддаги кундалик масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этувчи бошқарув бўғини сифатида шаклланади. Шу мақсадда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга ажратиладиган маблағларни 24 триллион сўмга етказиш, интерактив киосклар орқали давлат хизматлари кўрсатишни кенгайтириш назарда тутилган.
Бу вазифалар маҳалла даражасида аҳолига қулайлик яратиш, давлат хизматларини фуқароларга яқинлаштириш ва маҳалладаги инфратузилма муаммоларини аҳоли фикри асосида ҳал этиш имконини беради. Айниқса, интерактив киосклар орқали хизматлар кўрсатилиши фуқароларнинг туман ёки шаҳар марказларига бориш заруратини камайтиради. Шу билан бирга, маҳаллада давлат хизматларининг кўпайиши аҳоли муаммоларини жойида ўрганиш ва тезкор ечим топиш амалиётини кучайтиради.
Давлат бошқаруви самарадорлиги, аввало, давлат хизматчиларининг билим ва малакаси, масъулияти, ташаббускорлиги ҳамда фуқаролар билан самарали ишлаш кўникмаларига бевосита боғлиқ. Шу мақсадда стратегияда давлат хизматчиларининг малакасини масофавий таълим платформалари орқали ошириш қамровини кенгайтириш, хорижий тажрибага эга мутахассислар улушини кўпайтириш ҳамда давлат фуқаролик хизматидаги бўш иш ўринларига танлов жараёнларини рақамлаштириш вазифалари белгиланган. Бундай ёндашув кадрларни танлашда инсон омилига боғлиқ субъектив таъсирларни камайтириш, номзодларнинг билими, тажрибаси ва касбий салоҳиятини холис баҳолаш имконини беради.
Шу билан бирга, стратегияда халқ билан мулоқот тизимини янада такомиллаштириш ҳам алоҳида ўрин тутади. Бу йўналишда мурожаатларнинг асосий қисмини маҳаллий даражада ҳал этиш, фуқароларнинг муаммоларини марказий идораларгача олиб чиқмасдан, ҳудуднинг ўзида тезкор ва қонуний ечим топиш вазифаси белгиланган. Мурожаатларнинг камида 80 фоизини маҳаллий даражада қаноатлантириш вазифаси давлат органларининг аҳоли муаммоларига яқинроқ бўлишини, ҳудудий масъулларнинг жавобгарлигини кучайтиришни ва ва ортиқча маъмурий тўсиқларни камайтиришни кўзда тутади.
Шунингдек, «Халқ назорати» порталини ҳар бир ҳудудда жорий этиш фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади. Ушбу механизм орқали аҳоли мавжуд муаммолар, камчиликлар ва ижро интизомига оид масалалар юзасидан ахборот бериши, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши мумкин бўлади. Бу эса давлат органлари фаолиятида очиқлик, ҳисобдорлик ва масъулиятни кучайтириш билан бирга, фуқароларнинг ислоҳотлар жараёнидаги фаол иштирокини таъминлайди.
Фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш ҳам давлат бошқарувида очиқлик, жамоатчилик назорати ва ижтимоий шерикликни кучайтиришга қаратилган муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган. Шу мақсадда давлат ижтимоий буюртмалари сонини кўпайтириш, стратегик режалаштириш ҳужжатларини ишлаб чиқишда маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлар иштирокини кенгайтириш, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга қаратилган грантлар ва ижтимоий буюртмалар ҳажмини босқичма-босқич ошириб бориш назарда тутилган. Бу ёндашув жамиятдаги долзарб муаммоларни аниқлаш, улар бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқиш, давлат қарорларини қабул қилиш жараёнида жамоатчилик фикрини инобатга олишни таъминлашга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, «Ўзбекистон — 2030» стратегияси давлат бошқарувида фуқаро манфаатларини таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли учун қулай, очиқ ва ҳисобдор бошқарув тизимини шакллантиришга қаратилган муҳим дастурий ҳужжатдир.
Инобат Ҳакимова,
«Тараққиёт стратегияси» маркази бош мутахассиси.
ЎзА