Кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун жиноий жавобгарлик кучайтирилади
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мазкур қонун бўйича маъруза қилган Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзоси Зумрад Бекатова мамлакатимизда жамоат хавфсизлиги ва тартибини таъминлаш, аҳоли саломатлиги ва генофондини ҳимоя қилишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Айниқса, ёш авлодни гиёҳвандлик балосидан ҳимоя қилиш ҳамда жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлашга эътибор кучайтирилди.

Кейинги йилларда дунё миқёсида синтетик наркотикларнинг янги турлари ва “наркомания” хавфи ортиб бораётгани мазкур соҳадаги қонунчиликни қайта кўриб чиқишни тақозо этди.
Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ва бошқа қонунларга ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, нафақат гиёҳвандлик воситалари, балки кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун ҳам жиноий жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Сенаторлар томонидан қайд этилганидек, қонунда илк бор “ғайриқонуний нарколаборатория” ташкил этганлик ва унинг фаолиятини таъминлаганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда. Гиёҳвандлик воситаларини Интернет тармоғи орқали тарқатиш ва тарғиб қилиш оғирлаштирувчи ҳолат сифатида қонунга киритилмоқда.

Ёшларни ушбу иллатдан ҳимоя қилиш мақсадида таълим муассасалари, оромгоҳлар ва ётоқхоналарга туташ ҳудудларда содир этилган наркожиноятлар учун жазо чоралари янада кучайтирилмоқда.
Ўта оғир турдаги наркожиноятлар содир этган шахсларга нисбатан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш тартиби қўлланилмаслиги белгиланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятчиликка қарши курашиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратишга ҳамда соҳага оид фаолият самарадорлигини оширишга, “наркотиклардан ҳоли муҳит” яратишга, айниқса, ёш авлодни гиёҳвандлик балосидан асрашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА