Ёш атлетлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати баҳслари давом этмоқда
Бухоро шаҳридаги «Ситора» спорт мажмуасида 14 ва 16 ёшгача бўлган атлетлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати мусобақалари давом этмоқда.
Чемпионатнинг U-16 ёш тоифасида 300 метр масофага тўсиқлар оша югуриш баҳсида Қашқадарё вилояти вакили Нурбек Ҳакимжонов 42,09 сония натижа билан маррага биринчи бўлиб етиб келди ва олтин медални қўлга киритди.
14 ёшгача бўлган атлетлар ўртасидаги шведча эстафета баҳси чемпионатнинг учинчи кунидаги қизиқарли мусобақалардан бири бўлди. Унда Фарғона вилояти жамоаси 2:21,66 натижа билан ғолибга айланди. Бухоро вилояти вакиллари 2:22,72 натижа билан иккинчи, Наманган вилояти жамоаси эса 2:23,21 кўрсаткич билан учинчи ўринни эгаллади.
Қизлар ўртасидаги учкураш баҳсида Наманган вилояти вакили Зарина Абдилвоҳидова 1475 очко жамғариб, мамлакат чемпиони бўлди. Тошкент шаҳри вакили Милана Уманец 1472 очко билан кумуш медалга сазовор бўлди. Бухоро вилоятидан Ойнур Ҳамроева эса 1205 очко билан кучли учликни якунлади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА