Таэквондо WТ: 4 нафар спортчимиз Парижда совринли ўринларга даъвогарлик қилади
Бугун, 9 октябрь куни Франция пойитахти Париж шаҳрида дунёнинг энг кучли таэквондочилари иштирокида “Paris 2026 World Taekwondo Grand Prix” халқаро турнири бошланади.
54 та давлатнинг 250 нафардан зиёд таэквондо WТ олимпия йўналишидаги атлетлар қаторида Ўзбекистон терма жамоасининг 4 нафар эркак ва 3 нафар аёл спортчилари совринли ўринларга даъвогарлик қилади.

“Grand Prix 2026” тизимидаги мусобақаларнинг учинчи босқичи саналган мазкур турнирнинг бугунги баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан -58 килограмм вазн тоифасининг илк баҳсида Жаҳонгир Худойбердиев АҚШлик Итан Гун Ёнгсук билан, +80 килограммда Марат Мавлонов Пашко Бозич (Хорватия) билан, +80 килограммда Ёдгорбек Жўрабоев Василеос Толиотис (Греция) билан, +67 кг. оғирликда Светлана Саидова АҚШ ва Испания вакиллари қарама-қаршилигининг ғолиби билан жанг ўтказади.

Таэквондочилар учун Лос-Анжелес-2028 Олимпиадасининг муҳим рейтинг очколарини тақдим этадиган мусобақалар 11 октябрга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, “Grand Prix 2026” тизимидаги дастлабки турнирлар Испания ва Жанубий Кореяда ташкил этилганди. Унинг якуний финал босқич мусобақалари жорий йилнинг 27–29 ноябрь кунлари Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ташкил этилади.
Т. Рўзиев, ЎзА