Севил Йўлдошева Покистонда чемпион бўлмоқчи
Покистон пойтахти Исломобод шаҳрида теннис бўйича аёллар ўртасидаги «W15 Islamabad» халқаро турнири давом этмоқда. Унда иштирок этаётган ҳамюртларимиз Севил Йўлдошева ва Сабрина Олимжонова муваффақиятли иштирок этмоқда.
Халқаро теннис федерацияси (ITF) тақвимидан жой олган мукофот жамғармаси 15 минг АҚШ долларини ташкил этувчи мазкур мусобақанинг яккалик баҳсларида Севил Йўлдошева дастлаб россиялик Анна Симкинани ҳар иккала сетда бир ҳил 6:0 ҳисобида таслим этган бўлса, кейинги босқичда нидерландиялик Эмма ван Поппелни 7:5, 6:4 ҳисобида енгиб, чорак финалга йўл олди.
Яна бир вакилимиз Сабрина Олимжонова эса биринчи даврада Жанубий Африка Республикаси вакили Варона Мдлулвани 6:2, 6:3, иккинчи босқичда даниялик Елена Жамшидини 6:2, 6:1 ҳисобида мағлуб этган ҳолда 1/4 финал йўлланмасини қўлга киритди.
Шу тариқа, Севил Йўлдошева чорак финалда германиялик Анастасия Купарев билан, Сабрина Олимжонова эса таиландлик Камонван Йодпетчга қарши кортга чиқади.
Дарвоқе, Севил Йўлдошева германиялик дугонаси Анастасия Купарев билан тандем ҳосил қилиб, мазкур мусобақа ярим финалига чиқди. Улар финал остонасида Жонг Мун (Жанубий Корея) ва Камонван Йодпетч (Таиланд) жуфтлигига қарши кортга чиқади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА