Ёш аскарлар қасамёд қилди
Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида жойлашган Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда ёш аскарларнинг “Ватанга қасамёд” маросими тантанали ва кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Юртимизнинг турли ҳудудларидан келиб, муқаддас бурчини адо этиш учун сафга қўшилган навқирон йигитлар учун бу кун нафақат расмий тадбир, балки ҳаётларидаги муҳим бурилиш нуқтасига айланди. Майдондаги ҳар бир қадам, янграган ҳар бир сўз уларни Ватан тақдирига дахлдор шахс сифатида шаклланаётганини ҳис эттирди.
Тадбир аввалида ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонининг байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Унда ёш аскарлар зиммасига юклатилган юксак масъулият — давлат чегараларини ишончли қўриқлаш, халқ тинчлиги ва юрт осойишталигини таъминлашдек шарафли вазифалар алоҳида қайд этилди. Бу эса сафда турган ҳар бир йигит қалбида бурч ва садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Шундан сўнг ёш аскарлар Ватанга садоқат, ҳарбий қасамга содиқлик ва юксак масъулият билан хизмат қилишга тантанали равишда қасамёд қилдилар. Ушбу дақиқаларда уларнинг нигоҳида қатъият, қалбида эса фахр ва масъулият ҳисси уйғунлиги яққол намоён бўлди.
Маросимда иштирок этган ДХХ Чегара қўшинлари фахрийси, генерал-лейтенант Илҳом Ибрагимов ёш аскарларни самимий муборакбод этиб, ҳарбий хизмат нафақат бурч, балки юксак ишонч ва шараф эканини таъкидлади. У ўз нутқида Ватан ишончига муносиб бўлиш ҳар бир аскар учун энг олий мезон эканини айтиб ўтди.
2026 йилги чақирув аскарлари номидан сўз олган оддий аскар Давлатбек Ёрқулов қисқа муддат ичида ўтган ўқув-амалий машғулотлар давомида олган билим ва кўникмалари унинг дунёқарашига катта таъсир кўрсатганини, шунингдек, олдида турган вазифаларни шараф билан адо этишга тайёр эканини билдирди.
Аскарлар ота-оналари номидан сўзга чиққан Навоий вилояти Кармана туманидан ташриф буюрган Дилфуза Ҳасанова мамлакатимизда ҳарбийларга яратилаётган шарт-шароитлар учун миннатдорлик билдирди. Айниқса, унинг катта ўғли Соҳибжоннинг ҳам ана шу сафда қасамёд қабул қилиши тадбирга янада чуқур маъно бахш этди. Она сифатида у барча ёш аскарларга Ватан олдидаги муқаддас бурчларини шараф билан адо этишларини тилади.
Тадбир давомида хизмат вазифаларини намунали бажараётган, ёш аскарларни ўқитиш ва тарбиялашда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар муносиб рағбатлантирилди. Жумладан, катта лейтенант Жонибек Босимов ва 3-даражали сержант Жавлон Ҳусановлар ҳарбий қисм қўмондони ёрлиғи билан тақдирланди. Шунингдек, 3-даражали сержант Шавқиддин Элмуродовга миннатдорлик эълон қилинди. Бу каби эътирофлар ҳарбий хизматда фидоийлик ва масъулият доим қадрланишини яна бир бор намоён этди.
Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтаган Мансурбек Абдураҳмонов, Диёрбек Алиқулов, Ёсинбек Мўйдинжонов, Шоҳжаҳон Осмонжонов ҳамда Муҳаммадали Содиқжоновларга тегишли олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсияномалар топширилди. Бу имконият ёшлар учун нафақат рағбат, балки келажакда ҳарбий соҳада ўз ўрнини топишга қаратилган мустаҳкам пойдевор сифатида баҳоланди.
Маросим сўнггида ҳарбий қисм хизматчилари томонидан тайёрланган кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. "Чақирув-2026" ёш аскарлари томонидан қуролларни кўзлари боғлиқ ҳолда қисмларга ажратиш ва қайта йиғиш бўйича намойиш этилган машқлар уларнинг қисқа вақт ичида қай даражада пухта тайёргарликдан ўтганини кўрсатди. Қурол билан валс ижроси эса тадбирга ўзига хос бадиий руҳ бағишлаб, йиғилганларда унутилмас таассурот қолдирди.
Тантана нафақат ҳарбийлар, балки фарзандларининг қасамёд маросимида иштирок этган ота-оналар қалбида ҳам ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотди. Чунки бу ерда фақат қасамёд айтилмади — бу ерда юртга садоқат, бурчга вафо, Ватанга муҳаббат яна бир бор юксак минбардан янгради.
Зеро, Ватан ҳимояси учун қасам ичган ҳар бир ёш — бугуннинг аскари, эртанинг ишончли таянчи, юрт тинчлиги ва хавфсизлигининг кафолатидир.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА