Жанубда ёш чегарачи аскарлар қасамёд қабул қилди
Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг мамлакатимиз жанубидаги ҳарбий қисмларида конституциявий бурчини шараф билан ўташ учун муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарларнинг тантанали қасамёд қилиш маросими бўлиб ўтди.
Сурхондарё вилоятининг Термиз туманидаги ҳарбий қисмда Чегара қўшинлари масъул офицерлари, фахрийлари, муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ўғлонлар ва уларнинг ота-оналари, қавму қариндошлари иштирок этган тадбирда Янги Ўзбекистон Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз хавфсизлиги, сарҳадларимиз осойишталиги, халқимизнинг тинч, фаровон ҳаётини таъминлашда юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Ҳарбий мажбуриятни ўташ ҳар бир ўғлон учун шарафли бурч, Ватанга қасамёд эса йигитлик шаъни, ор-номуси экани алоҳида қайд этилди.

Тантанали маросимда ёш аскарлар Ўзбекистон халқига ва Президентига садоқатли бўлишга, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган талабларни виждонан бажаришга, халқ ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қасамёд қилди.
– Бугун оиламиз учун бир умр эсда қоладиган кун бўлди, – дейди муддатли ҳарбий хизматга Андижон вилояти Пахтаобод туманидан чақирилган ёш чегарачи Абдулазиз Расуловнинг бувиси Гавхархон Бойматова. – Ўн тўрт неварам бор. Бугун иккинчи неварам Ватанга, Президентимизга, халқимизга садоқат билан хизмат қилишга ваъда берди. Унинг бу қасамёди буви сифатида менга ўзгача севинч улашди. Ҳозир бу ердаги аскарларнинг қуроллар билан сафда илдам юришлари, чиқишларини кўриб кўзимиз қувонди. Бир ойда фарзандларимиз қадди-қомати ва ҳаракатларида юз берган ўзгаришлардан беҳад хурсанд бўлдик. Она юртимизни кўз қорачиғидек асрашга сўз берган неварам билан фахрланамиз. Дунёнинг айрим минтақаларида нотинч ҳаёт ҳукм сураётган ҳозирги замонда тинч-тўкин турмуш кечираётганимизга шукрона айтамиз.

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Сарбозар маҳалласида улғайиб, камолга етган Лазиз Эгамқулов ўтган ўқув йилида ўрта мактабни тугатиб, мустақил ҳаётга йўлланма олди. У болаликдаги орзусини рўёбга чиқариш, эгнига ҳарбий либос кийиш учун мунтазам спорт билан шуғулланиб, жисмонан тобланди. Мактабда олган билимларини мустаҳкамлаб, аскар бўлишга тайёргарлик кўрди. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, йигитлик бурчини шараф билан бажариш учун юртимиз жанубига келди.

– Барча сафдошларим қатори мен ҳам қасамёд қилдим, – дейди муддатли ҳарбий хизматчи, оддий аскар Лазиз Эгамқулов. – Қасамёдгача ҳам ҳар бир кунимиз сермазмун, ёдда қоладиган лаҳзаларга бой бўлди. Ҳарбий ҳаётга тез ва осон кўникдим. Бу ерда биз учун барча шарт-шароит яратилган. Буни биз мамлакатимизда бунёдкор халқимизнинг осойишта турмушини таъминлаш ва Ватан ҳимоячиларига юксак эътибор намунаси, деб билдик. Эндиликда бу эътиборга муносиб бўлиб, зиммамиздаги йигитлик бурчимизни шараф билан бажарамиз.

Маросимда тантанали қасамёд қилган алп келбат жасур сарҳадларимиз посбонларининг шаҳдам одимлари ва кўзларида муддатли ҳарбий хизматни ҳаёт мактаби сифатида улуғлаб, чиниқаётгани, тобланиб, шижоат, фидойилик, ўзига бўлган ишончи ортаётганидан фахр туйғусини ҳис этаётгани намоён бўлди. Қисқа вақтда ҳарбий соҳанинг сир-асрорларини ўрганиб, илк кўникма ва билимларни ўзлаштиргани ўз аксини топди. Ўғлонларнинг бундай фазилатлари уларнинг ота-оналари, қавму қариндошлари ва барча иштирокчиларга бирдек севинч бағишлади. Уларнинг теран фикрлари-ю, қалбида чечак отган орзу ҳавасларидан мамнунлик ҳиссини туйди.
– Армиянинг ҳаёт мактаби эканини ўзимдан катталардан кўп эшитганман, ¬– дейди Навоий вилоятининг Хатирчи туманидан чақирилган муддатли ҳарбий хизматчи, оддий аскар Самандар Шукуриллаев . – Ўтган қисқа даврда бу ҳаёт бизга жуда кўп нарсани ўргатди. Эгнимга ҳарбий либос кийгач, менда ҳам шу соҳага иштиёқ пайдо бўлди. Бугун жигарларим, яқинларим гувоҳлигида Ватанга садоқат билан хизмат қилишга сўз берганимдан қувончим чексиз. Энди ҳар тарафлама билимимни янада ошираман. Бунинг учун ҳарбий қисмимизда етарли қулайлик бор. Қалбимдаги иштиёқни юзага чиқариш учун фақат хизматни сифатли, виждонан адо этиш, ўқиш ва ўрганиш талаб этилади, холос. Бу менинг муддатли ҳарбий хизматдан кейин ҳам сарҳадларимизни ишончли қўриқлашимда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда Ватанимиз мустақиллиги, сарҳадларимиз тинчлиги, кўп миллатли халқимизнинг осуда, обод турмушини таъминлашдек шарафли вазифани бажариш учун қасамёд қабул қилган аскарлар самимий табрикланиб, уларнинг хизмат бурчларини шараф билан адо этишига омад тиланди. Хизмат даврида эришган ютуқлари учун офицерлар, шартнома асосида хизмат қилаётган оддий аскар ва сержантлар кўкрак нишони ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Миллий армиямиз сафларида Ватан ва халқимиз олдидаги бурчини муваффақиятли ўтаб бўлиш остонасида турган бир гуруҳ муддатли ҳарбий хизмат оддий аскарларига Чегара қўшинлари қўмондонлигининг Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун бериладиган имтиёзли тавсияномалари тантанали топширилди.

Маросим иштирокчиларига Она Ватан, тинч, осуда ҳаёт, юртга садоқат ва меҳр-муҳаббат, тўкин турмуш тараннум этилган куй-қўшиқлар байрамона кайфият улашди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА