УрДУ таълим дастурлари ASIIN аккредитациясидан муваффақиятли ўтди
Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетида таълим сифатини халқаро мезонлар асосида баҳолаш борасида муҳим натижа қайд этилди. Германиянинг нуфузли халқаро аккредитация ташкилоти — ASIIN билан тузилган шартнома доирасида олийгоҳнинг қатор таълим дастурлари комплекс экспертизадан ўтказилди.
2025 йил ноябрь ойида бошланган аккредитация жараёнида университетнинг ўқув режалари, таълим сифати, профессор-ўқитувчилар салоҳияти ҳамда моддий-техник базаси халқаро талаблар асосида атрофлича таҳлил қилинди. Якуний босқич натижаларига кўра, 2026 йил 17 апрель куни Аккредитация комиссияси томонидан барча тақдим этилган таълим дастурлари ижобий баҳоланди.
Хусусан, математика ва физика соҳалари бўйича бакалавриат ҳамда магистратура босқичларидаги қуйидаги йўналишлар халқаро аккредитациядан ўтди:
– математика ва амалий математика бакалавриат дастурлари;
– физика бакалавриат дастури;
– математика, физика ҳамда математик инжиниринг магистратура мутахассисликлари.
Мазкур ютуқ университетда таълим сифатини ошириш, ўқув жараёнига илғор педагогик ёндашувларни жорий этиш ва кадрлар тайёрлашни халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этиш борасида олиб борилаётган тизимли ишларнинг амалий самарасидир.
Мутахассислар таъкидлаганидек, халқаро аккредитация натижалари олий таълим муассасасининг нуфузини мустаҳкамлаш, талабалар учун кенг имкониятлар яратиш ҳамда таълим хизматларини жаҳон бозорида рақобатбардош қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА