Ёмғир сувидан самарали фойдаланиш лойиҳаси амалга оширилади
Жиззах вилоятининг Бахмал ва Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманларида ёмғир сувини йиғиш, сақлаш ва томорқаларни сув тежовчи технологиялар асосида суғоришга қаратилган ижтимоий лойиҳа амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда “Қишлоқ туризми ва яшил иқтисодиёт” уюшмаси ўртасида “Қўшработ ва Бахмал туманларида ёмғир сувларини йиғиш, сақлаш ва суғоришда тежамкор технологияларни қўллаш орқали аҳолининг иқлим ўзгаришига мослашувчанлигини ошириш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича уч томонлама шартнома тузилган. Лойиҳа учун 600 миллион сўм ажратилган бўлиб, уни амалга ошириш муддати 7 ой этиб белгиланган.
Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур ташаббус 2026 йил 19 августдаги Парламент комиссияси қарори билан ғолиб деб топилган. Сув хўжалиги вазирлиги давлат буюртмачиси, “Қишлоқ туризми ва яшил иқтисодиёт” уюшмаси эса лойиҳа ижрочиси ҳисобланади.

Лойиҳа ҳудудлардаги мавсумий сув танқислигига ечим топишга қаратилган. Бахмал тумани Ойқор маҳалласида томорқалар Тангатопдисой, Қўшработ тумани Қийқим маҳалласида эса Оқтепасой орқали сув билан таъминланади. Ёз ойларида мазкур манбаларда сув миқдори камаяди.
Айни пайтда ўртача кўп йиллик ёғингарчилик Бахмалда 441 миллиметр, Қўшработда 389 миллиметрни ташкил этади. Лойиҳа доирасида ёғин сувларини йиғиб, сув танқис даврларда ундан фойдаланиш кўзда тутилган.
Дастлаб ҳар икки маҳалладан 8 тадан, жами 16 та эҳтиёжманд оила танланади. Уларнинг хонадонларига ёмғир сувини йиғиш ва сақлаш мосламалари ҳамда сув тежовчи суғориш тизимлари ўрнатилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, томи 100 квадрат метр бўлган хонадонда бир йилда Бахмалда 44 тоннагача, Қўшработда 38 тоннагача ёмғир сувини йиғиш мумкин. Бу сув 10 сотих томорқада мевали дарахтларни томчилатиб суғориш эҳтиёжининг 45-50 фоизини, сабзавотларнинг 30-35 фоизини, ёмғирлатиб суғоришда эса 25-30 фоизини қоплаши мумкин.

Ҳар бир хонадонда ўртача 40 тоннадан сув жамланса, 16 та хонадон бўйича йилига 640 тоннагача ёмғир сувидан фойдаланиш имкони пайдо бўлади. Бу сув манбаларига тушадиган босимни камайтириш ва томорқалардан унумли фойдаланишга хизмат қилади.
Ташаббус 2026 йил 16 февралдаги ПФ-22-сонли фармоннинг 208-бандида белгиланган сув ресурсларидан тежамкор фойдаланиш, замонавий суғориш технологияларини тарғиб қилиш ва тажриба майдончаларини ташкил этиш вазифаларига ҳамоҳанг.
Шу мақсадда Бахмал тумани Ойқор маҳалласида лойиҳага бағишланган амалий семинар ўтказилди. Унда “Қишлоқ туризми ва яшил иқтисодиёт” уюшмаси вакиллари, сув хўжалиги мутахассислари, “Bog‘bon” инвитро лабораторияси вакиллари ҳамда маҳалла аҳолиси иштирок этди.
Семинарда ёмғир сувини йиғиш, сақлаш ва зарур пайтда томорқаларни суғоришда қўллаш усуллари тушунтирилди. Лойиҳа доирасида ушбу йўналишда амалий тажриба майдончалари ташкил этилиши таъкидланди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА