Гиёҳвандликка қарши курашиш йўлида масъул шахслар ва жамоатчилик бирлашса натижа сезилади
Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг аҳоли саломатлигига салбий таъсир қилиши ҳеч кимга сир эмас. Энг ёмони, бу иллат миллат генофондини хавф остида қолдиради.
Бу йўналишда қандай ишлар амалга оширилаётгани ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош психиатри ва наркологи, профессор Зарифжон Ашуров қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Гиёҳвандлик муаммоси ҳақида очиқ фикр билдириш, мавжуд камчиликларни кўрсатиш ва жамоатчилик эътиборини ушбу жиддий масалага қаратиш борасида қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Бу борада очиқ муҳокама ҳам, танқид ҳам керак. Чунки муаммони очиқ кўрсатиш камчиликларни аниқлаш ва тизимни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Албатта, гиёҳвандлик мавзусида жамоатчиликнинг кўпроқ гапираётгани, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан наркотик моддалар ва яширин нарколабораториялар аниқланаётгани, тиббиёт тизимида эса психоактив моддалар истеъмоли билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш ва ҳисобга олиш кўрсаткичларининг ўзгаришига фақат «муаммо кўпайди» деган бир томонлама хулоса билан қараш тўғри эмас.
Бундай кўрсаткичларга бир нечта омил таъсир қилади. Улар орасида муаммонинг реал тарқалиши билан бир қаторда назорат механизмларининг кучайиши, яширин ҳолатларни аниқлаш, аҳолининг мурожаат қилиши, эрта диагностика ва тиббий ҳисобга олиш сифатининг яхшиланиши ҳам бор.
Шунинг учун аниқланаётган ҳолатлар сонининг кўпайиши айрим вазиятларда муаммони аввалгидан кўра фаолроқ аниқлаш имкониятлари кенгайганини ҳам кўрсатиши мумкин. Бироқ, ҳар бир статистик кўрсаткич унинг динамикаси, аниқлаш усули ва қамрови билан биргаликда таҳлил қилиниши лозим.
Бугунги асосий вазифалардан бири – наркология ва психиатрия хизматининг барча босқичлари ўртасидаги узвийликни таъминлаш.
Мақсад – профилактика, хавф гуруҳини аниқлаш, диагностика, даволаш, тиббий-ижтимоий реабилитация ва кейинги кузатувни бир-биридан узилган алоҳида жараёнлар эмас, балки ягона ва узлуксиз хизмат занжирига айлантириш. Яъни беморнинг ўзи тиббиёт муассасасига келгунча кутиб туриш эмас, балки хавфни барвақт аниқлаш, оилагача етиб бориш ва зарур ёрдамни инсонга яқинлаштириш муҳим.
Айни пайтда соҳани янада ривожлантиришга қаратилган «Аҳолига наркология ва психиатрия хизмати кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳаси тайёрланмоқда. Унда хизматни аҳолига янада яқинлаштириш, бирламчи тиббий бўғинда психиатрия, болалар психиатрияси, наркология ва тиббий психология хизматларини кучайтириш, кадрлар тайёрлаш, замонавий диагностика, даволаш ва реабилитация имкониятларини кенгайтириш ҳамда илмий салоҳиятни ривожлантириш каби йўналишлар назарда тутилмоқда.
Тизимни фақат ташкилий ўзгаришлар билан ривожлантириб бўлмайди. Замонавий психиатрия ва наркология илм-фан, малакали кадрлар ҳамда халқаро тажрибага таяниши керак.
Сўнгги йилларда Марказ томонидан 20 дан ортиқ хорижий илмий ва тиббий марказлар билан ҳамкорлик бўйича меморандумлар тузилди. Ушбу ҳамкорликлар мутахассислар тайёрлаш, малака ошириш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, телетиббиётни ривожлантириш ҳамда замонавий диагностика ва даволаш технологияларини амалиётга жорий этишга қаратилган.
Марказнинг илмий салоҳияти сўнгги беш йил ичида қарийб 1,5 баробар ошди. Кейинги босқичда ушбу йўналиш янада кучайтирилиб, 2027 - 2030 йилларда 30 нафар PhD ва 10 нафар DSc (фан доктори) илмий даражасига эга юқори малакали мутахассис тайёрлаш режалаштирилган. Бу рақамлар шунчаки академик кўрсаткич эмас. Илмий салоҳиятнинг ўсиши янги диагностика усуллари, самарали даволаш протоколлари, реабилитация технологиялари ва далилларга асосланган профилактика дастурларини амалиётга жорий этиш учун муҳим асосдир.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, гиёҳвандликка қарши курашиш фақат нарколог ёки вазирликнинг вазифаси эмас. Бу – оила, маҳалла, мактаб ва олий таълим муассасалари, тиббиёт тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ОАВ, нодавлат ташкилотлар ва бутун жамоатчиликнинг умумий масъулиятидир.
Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази барча билан очиқ мулоқот ва амалий ҳамкорликка доимо тайёр. Чунки, бизнинг мақсадимиз кимнидир айблаш ёки кимнидир оқлаш эмас, балки муаммони эрта кўриш, унинг олдини олиш, беморга ўз вақтида профессионал ёрдам кўрсатиш ва бир нафар бўлса ҳам йигит ёки қизни гиёҳвандликдан асраб қолишдир.
Норгул Абдураимова, ЎзА