Самарқанд давлат университетида Амир Темур давлати байроғи ўрнатилди
Айни пайтда Самарқанд шаҳрида “Самарқанд давлат университети куни” тадбирлари ўтказилмоқда ва Мирзо Улуғбек олий мадрасасининг вориси ҳисобланган Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг 606 йиллиги кенг нишонланмоқда. Бу сана 1420 йил 21 сентябрь куни Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасасида илк машғулотлар бошлангани билан боғлиқ.
Бугун тонгда университет раҳбарлари ва вилоят жамоатчилиги вакиллари дастлаб Амир Темур мақбарасини зиёрат қилди.
Сўнгра Самарқанд давлат университети маъмурий биносида маърифий юксалиш бардавомлигининг рамзи сифатида Амир Темур салтанати байроғи ўрнатилди.

Университети ректори, фан арбоби Рустам Холмуродов юртимиздаги олий таълим муассасасида илк бор ўрнатилаётган мазкур рамзий байроқ бизга буюк бобомизнинг давлатчилик сиёсати, амалга оширган бунёдкорлик ишлари ва илм-фан ривожига қўшган улкан ҳиссасини ёдга солиб туришини таъкидлади.

Шундан сўнг, тадбирлар университет хиёбонида давом этди. Бу ерда ўтказилган маросимда Самарқанд вилояти ҳокими А.Бобоев иштирок этиб, Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабаларни тарихий сана билан табриклади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири