Йўл-йўлакай Кубани эгаллаш: Трампнинг ҳазилими ёки?..
АҚШ етакчиси Дональд Трамп Куба билан болиқ яна бир кескин баёнот берди. У Эронга қарши урушдан кейин “йўл-йўлакай” Кубага нисбатан ҳарбий ҳаракат амалга оширилиши мумкинлигини ҳазиломуз тарзда билдирди. Барибир, бу гап Вашингтон яна бир можарога тортилиши эҳтимолидан хавотирни кучайтирди.
Президент сўзларида “USS Abraham Lincoln” номи ҳам тилга олинди. Унинг айтишича, ушбу улкан ҳарбий кема Куба соҳили яқинига келиб тўхташи ва “таслим бўлиш” ҳолати юзага келиши мумкин.
Куба атрофидаги вазият янги санкция туфайли янада таранглашди. АҚШ ҳукумати иқтисодиётнинг энергетика, мудофаа, молия ва кончилик каби асосий тармоқларига алоқадор шахсларга нисбатан чеклов жорий қилди. Шунингдек, инсон ҳуқуқи бузилиши ва коррупцияда айбланган амалдорларга қарши визавий тақиқ киритилди.
Куба ташқи ишлар вазири Бруно Родригес Паррилья мазкур чораларни “жамоавий жазо” деб атаб, қатъий қоралади. Унинг таъкидлашича, айни қарорлар халқаро ҳуқуқ меъёрига зид ва мамлакат суверенитетига босим ўтказишга қаратилган. Шу билан бирга Мигель Диас-Канель Вашингтон билан музокара фақат тенглик ва ўзаро ҳурмат асосида кечиши мумкинлигини яна бир бор таъкидлади.
Мусулмон Зиё, ЎзА