ЕИга аъзолик: Украинага нисбатан ижобий муносабат билдирилмоқда
Президент Владимир Зеленский Словакия Бош вазири билан телефон орқали мулоқотдан сўнг муҳим баёнот берди. Унинг таъкидлашича, ушбу мамлакат Украинанинг Европа Иттифоқи сари интилишини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган. Томонлар ўзаро ташриф бўйича таклиф алмашиб, Киев ва Братиславада учрашув ўтказишга келишиб олган.
Тўғри, Роберт Фицо расмий баёнотида юқоридаги масала аниқ қўллаб-қувватланишини гапирмаган. Фақат Киев билан барқарор ва дўстона муносабат сақланиши муҳимлигини таъкидлаб, айрим масалаларда қарашлар фарқланишини қайд этган. Томонлар яқин кунларда Ереванда бўлиб ўтадиган учрашув доирасида мулоқотни давом эттириши кутиляпти.
Фицо илгари Венгрия Бош вазири Виктор Орбан позициясига яқин ёндашув намойиш этса-да, уни тўлиқ қўллаб-қувватламаган. Хусусан, "Дружба" нефть қувури атрофидаги баҳсда муҳим ўрин эгаллаган. Шунингдек, Украинага электр энергияси ва ёнилғи етказиб беришни вақтинча тўхтатган.
Кузатувчилар фикрича, Роберт Фицо ташқи сиёсатда мувозанатни сақлашга ҳаракат қиляпти: бир томондан Ғарб иттифоқи доирасидаги мажбурият, иккинчи томондан ички сиёсий муҳитда Россияга мойил электорат манфаатини ҳисобга оляпти. Шу тариқа Киевга нисбатан бироз эҳтиёткор, тўлиқ қарши бўлмаган сиёсат шаклланган.
Мусулмон Зиё, ЎзА