НАТО устида "қора булутлар"...
Президент Дональд Трамп Германиядаги ҳарбий қисм режадагидан ҳам кўпроқ қисқартирилишини айтди. Бу баёнот Пентагон эълон қилган 5 000 аскарни чақириш қароридан бир кун ўтиб янгради ва трансатлантик муносабатдаги зиддиятни янада кучайтирди.
Пентагон фикрича, 6-12 ой давомида амалга ошириладиган бу жараён Фридрих Мерцнинг АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳаракати танқид қилинган баёнотидан сўнг бошланган. Ёдингизда бўлса, Мерц Вашингтонда айни йўналиш бўйича аниқ стратегия, режа йўқлигини таъкидлаган эди.

Трамп эса қисқартириш сабабини очиқламаган ҳолда, бу кзлам мунтазам кенгайиб боришини билдирди. Яъни, АҚШ Европадаги хавфсизлик мажбуриятини қайта кўриб чиқмоқда. Айни позиция НАТО доирасидаги ҳамкорлик истиқболига оид саволларни кўпайтирмоқда.
Германия Федератив Республикаси мудофаа вазири Борис Писториус мазкур қарорни кутилган ҳолат сифатида баҳолаб, энди Европа давлатлари ўз мудофааси учун масъулиятни кучайтириши кераклигига урғу берган. Вашингтонда эса бундай қадамга нисбатан ҳар икки партия вакиллари томонидан танқид янграб, мазкур ташаббусни Россия раҳбари Владимир Путин нотўғри тушуниши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА