Янги Ўзбекистоннинг илк диний магистрлари: Илм ва маърифат йўлидаги тарихий қадам
«Бугунги таҳликали дунёда халқимиз, айниқса, ёшларга ислом моҳиятини тўғри тушунтириб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис юртимизда диний таълим сифатини янада ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда». Шавкат МИРЗИЁЕВ,Ўзбекистон Республикаси Президенти
Бир асрлик режа ва маърифатга сармоя
Донишмандларнинг «Агар сизнинг режангиз бир йиллик бўлса – шоли экинг. Ўн йиллик бўлса – дарахт ўтқазинг. Агар бир асрлик бўлса – фарзандларингизга таълим-тарбия беринг», деган ҳикматли нақли бор.
Жамият равнақи ва Ватан тараққиётига таълим-тарбиячалик беқиёс хизмат қиладиган бошқа куч йўқ. Тарих саҳифаларидан турли даврларнинг йирик бой-жужжорлари номи вақт ўтиб ўчиб кетганига, аммо умрини цивилизациялар ривожига бағишлаган мутафаккирлар, қомусий алломалар ҳамда миллат маърифатпарварларининг номлари асрлар оша барҳаёт яшаб келаётганига гувоҳ бўламиз.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев лавозимга киришган илк кунлардан бошлаб Янги Ўзбекистонда барча соҳалар каби диний-маърифий йўналишда ҳам чуқур ислоҳотларни бошлаб берди. Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони бу борадаги муҳим ҳуқуқий асосга айланди. Унда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва бошқа таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда фуқаролар учун Қуръони каримни ўргатиш бўйича махсус курслар ташкил этиш каби устувор вазифалар белгилаб берилди.
Сон эмас, сифат ва юқори салоҳият – бош мезон
Илм даргоҳининг мақоми унинг бинолари ёки талабалари сони билан эмас, у ердан етишиб чиқадиган билимли, маънавиятли ва Ватанга сидқидилдан хизмат қиладиган етук кадрлар билан ўлчанади. Чинакам қадр-қиймат сонда эмас, айнан сифатдадир.
Мустақилликнинг дастлабки чорак асрида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида 9 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси ва Тошкент ислом институти фаолият юритган бўлса, охирги йилларда бу тизим тубдан кенгайди:
2017 йилда – Бухоро шаҳрида Мир Араб олий мадрасаси;
2018 йилда – Самарқанд вилоятида Ҳадис илми мактаби;
2020 йилда – Термиз шаҳрида Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси;
2024 йилда – Имом Термизий номидаги ислом институти ташкил этилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда 4 та олий ва 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси (шундан 2 таси хотин-қизларга ихтисослашган) фаолият кўрсатмоқда. Уларда 2,5 мингдан зиёд талабага 500 нафарга яқин профессор-ўқитувчилар сабоқ бермоқда.
Шу билан бирга, имом-хатибларнинг малакасини ошириш ва уларни босқичма-босқич олий маълумотли кадрлар билан тўлдириш мақсадида 2019 йилда Тошкент ислом институтида Модуль таълим тизими жорий этилди. 5 йиллик меҳнат стажига эга имом-хатиблар ишдан ажралмаган ҳолда 3 йил таҳсил олиб, олий маълумот дипломига эга бўлмоқда. Ҳозирга қадар 600 дан ортиқ имом-хатиб ушбу тизим орқали олий маълумот олди.
Ўн магистр – ўн нафар етук мутахассис
Давлатимиз раҳбарининг Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқлар ижроси юзасидан 2024-2025 ўқув йилидан эътиборан Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида магистратура мутахассислиги йўлга қўзилган эди.
Жорий йилда «Ислом илоҳиёти, фалсафаси ва Мотуридийлик таълимоти» ҳамда «Ҳадис илмлари» йўналишлари бўйича 10 нафар илк магистр ўқишни муваффақиятли тамомлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ўтказилган тантанали маросимда Президентнинг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирок этди.
Тадбирда давлатимиз раҳбари номидан ҳар бир магистрга 20 миллион сўмлик пул мукофоти сертификатлари, Дин ишлари бўйича қўмитанинг Мақтов ёрлиқлари ҳамда планшетлар топширилди. Муфтий ҳазратлари эса илк магистрларнинг ойлик иш ҳақига 20 фоиз миқдорида устама ҳақ белгиланганини эълон қилди.
Илк битирувчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг марказий аппарати, Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази ҳамда олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига ишга тақсимланди.
Тарихий мерос ва Учинчи Ренессанс пойдевори
Ўзбекистон қадимдан буюк алломалар, улуғ мутафаккирлар юрти сифатида машҳур. Тарихда Тошкент ислом институти нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақа учун асосий диний таълим маркази бўлган. Масалан, Равил Гайнутдин, Талгат Тожуддин ва Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода каби таниқли дин арбоблари айнан шу даргоҳ битирувчиларидир.
2024 йилда Тошкент ва Хива шаҳарларида ўтказилган «Ислом – тинчлик ва эзгулик дини» халқаро конференциясида Шайх Муҳаммад Аввома: «Юртингизнинг ҳар қадамида улуғ алломаларнинг хоки бор. Бу замин илм ва уламолар юртидир. Энди сизларнинг вазифангиз ана шу буюк меросни қайта тирилтириш ва дунёга танитишдир», дея алоҳида таъкидлаган эди.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик шодиёналари арафасида катта ҳаётга қадам қўйган ушбу 10 нафар илк магистр аждодларимизнинг муносиб издошлари бўлиб, Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади.
Салоҳиддин ШЕРХОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кадрлар бўлими бошлиғи