Ўзбекистонлик ҳамширалар АҚШ тиббиёт муассасаларига ишга жалб этилиши мумкин
АҚШнинг Сиэтл шаҳрида Ўзбекистон Бош консулхонаси ва инсон капитали ҳамда кадрлар бошқаруви соҳасидаги дунёдаги етакчи компаниялардан бири — “Korn Ferry” раҳбарияти ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик ҳамшираларни АҚШ тиббиёт тизими талабларига мос равишда тайёрлаш, сертификатлаш, лицензиялаш ҳамда уларни Америка шифохоналарига қонуний ва тизимли асосда жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграциясини тартибли ташкил этиш, хорижий иш берувчилар билан марказлашган ҳамкорликни ривожлантириш, мутахассисларни мақсадли тайёрлаш ва уларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
“Korn Ferry” вакиллари АҚШ соғлиқни сақлаш тизимида ҳамширалар ва ёрдамчи клиник-техник мутахассисларга эҳтиёж юқори эканини таъкидлади. Айниқса, инглиз тилини яхши биладиган, клиник тайёргарлиги етарли ва лицензиялаш талабларига жавоб берадиган хорижлик мутахассисларга талаб ортиб бораётгани қайд этилди.
Америка компанияси Ўзбекистон ташаббусига амалий қизиқиш билдириб, уни АҚШдаги тиббиёт муассасалари ва иш берувчилар билан муҳокама қилишга тайёрлигини маълум қилди. Шунингдек, эҳтиёж юқори бўлган мутахассисликлар, номзодларга қўйиладиган талаблар ва малака мезонларини ўрганиш, икки мамлакатдаги ҳамширалар тайёрлаш тизимларини қиёсий таҳлил қилиш бўйича келишувга эришилди.
Музокаралар якунида лойиҳани дастлаб кичик пилот гуруҳ билан бошлаш, кейинчалик натижалар ва иш берувчилар эҳтиёжидан келиб чиқиб, ўзбекистонлик ҳамшираларни АҚШга жалб этиш кўламини босқичма-босқич кенгайтириш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Маълумот ўрнида, 1969 йилда Лос-Анжелес шаҳрида ташкил этилган “Korn Ferry” бугунги кунда 50 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритади. Компания раҳбар ва мутахассисларни танлаш, халқаро кадрлар ёллаш ҳамда инсон капиталини бошқариш соҳасида ихтисослашган.
Нозимбек Мардонов, ЎзА