Ўзбекистон ва АҚШ болалар контенти соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
Ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий тарбияси, дунёқараши ва ижодий салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қиладиган замонавий, миллий қадриятларга асосланган медиа маҳсулотларини яратиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Бу борада хорижнинг илғор тажрибасини ўрганиш, соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш муҳим саналади.
АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник, маданият вазирининг биринчи ўринбосари – Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов ҳамда Болалар контентини ривожлантириш маркази ижрочи директори Зафар Йўлдошев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида ўзбекистонлик ёшлар ва соҳа мутахассисларини анимация, кинематография, визуал эффектлар, актёрлик ҳамда бошқа креатив йўналишлар бўйича халқаро таълим дастурларига жалб этиш масалалари муҳокама қилинди, дейилади Болалар контентини ривожлантириш маркази маълумотида.
Шунингдек, америкалик етакчи режиссёрлар, мусиқий продюсерлар ва экспертлар иштирокида Ўзбекистонда мастер-класслар, семинарлар ҳамда ижодий учрашувлар ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар Fulbright ва бошқа академик алмашинув дастурлари доирасида соҳа мутахассисларининг иштирокини кенгайтириш, шунингдек, ўзбекистонлик болалар учун инглиз тилини ўргатувчи замонавий таълимий контентлар яратиш ҳамда уларни миллий медиамаконда оммалаштириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди.
Учрашув якунида АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник болалар контентини ривожлантиришга қаратилган қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда амалий ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.
М. Ҳожиакбарова,
ЎзА