Янги инвестиция имкониятлари муҳокама қилинди
Ховос туман ҳокимлиги ахборотига кўра, Хитой Халқ Республикасининг Вэйфан шаҳрида бўлиб турган Ховос тумани ҳокими Қомус Йўлдошев туманга янги инвестиция лойиҳаларини жалб этиш ҳамда саноат салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида қатор учрашув ва музокараларни ўтказмоқда. Бу ҳақда Ховос туман ҳокимлиги хабар берди.
Навбатдаги мулоқотлар давомида туман раҳбари қурилиш материаллари ва саноат ускуналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Shandong Mine Machinery Construction Material Co., Ltd” ҳамда “Weifang Jingtai New Building Materials Co., Ltd” компаниялари вакиллари билан учрашди.

Учрашувларда Ховос туманининг инвестициявий салоҳияти, мавжуд инфратузилма, тадбиркорлар учун яратилган қулай шароитлар ҳамда давлат томонидан тақдим этилаётган имтиёз ва кафолатлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шу билан бирга, томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва саноат соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Ташриф давомида Қомус Юлдашев “Shandong Mine Machinery Construction Material Co., Ltd” компанияси фаолияти билан яқиндан танишиб, электр трансформаторлари ишлаб чиқариш йўналишида амалга оширилаётган лойиҳаларни кўздан кечирди. Шу асосда мазкур йўналишда Ховос туманида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.


Мулоқот якунида компания вакиллари яқин кунларда Ховос туманига ташриф буюришиб, ҳудуднинг инвестициявий имкониятлари билан бевосита танишиш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири