Пиллачиликдаги ислоҳатлар ўз самарасини бермоқда
Жиззах вилоятида пилла терими мавсуми уюшқоқлик ва юқори кайфиятда бошланди. Айниқса, воҳанинг марказий ҳамда чўл ҳудудларида “кумуш тола” йиғим-терими тобора қизғин тус олмоқда. Бу жараён нафақат қишлоқ аҳлининг даромад манбаини мустаҳкамлаётгани, балки мамлакатимизда пиллачилик соҳасини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган ислоҳотлар амалда ўз самарасини бераётганини ҳам яққол намоён этмоқда.
Жиззах вилоятининг ўзига хос иқлим шароити пиллачиликда ҳудудлар кесимида турлича манзарани юзага келтиради. Масалан, воҳа маркази ва чўл туманларида пилла терими авжига чиққан бир пайтда, Ғаллаорол ва Форишда ипак қуртлари пилла ўраш жараёнига кирган бўлади. Бахмал, Зомин ва Янгиобод туманларида эса ипак қуртлари ҳали тўлиқ парвариш босқичини ўтамоқда. Бу эса соҳада агротехник тадбирларни ҳудуд иқлимига мос ҳолда ташкил этиш муҳим аҳамият касб этишини кўрсатади.

Зарбдор туманида ҳам жорий мавсумга пухта ҳозирлик кўрилган. Хусусан, Тараққиёт маҳалласида пилла теримига уюшқоқлик билан киришилди. Хонадонларда парвариш қилинган ипак қуртларидан сифатли ҳосил олиш учун барча зарур чоралар кўрилгани меҳнат самарасида яққол намоён бўлмоқда. Маҳалла аҳлининг, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг фаол иштироки мавсумнинг баракали кечишида муҳим омил бўлаяпти.
Бугун пиллачилик нафақат қимматбаҳо хомашё етиштириш тармоғи, балки аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини кўпайтириш, қишлоқларда тадбиркорлик муҳитини кенгайтиришда муҳим ижтимоий-иқтисодий йўналишга айланди. Бу борада давлат раҳбарининг соҳани қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббус ва қарорлари муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6 мартда қабул қилинган “Ипакчилик соҳасини янги тизим асосида ривожлантириш ҳамда озуқа базасини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида пилла етиштирувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг мутлақо янги механизмлари белгилаб берилди. Мазкур қарорга мувофиқ, пилла етиштирувчиларга пиллачилик кластерлари томонидан амалга оширилган ҳақиқий тўловнинг 35 фоизи миқдорида субсидия ажратилиши назарда тутилган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 январдаги “Хотин-қизларнинг пиллачилик соҳасидаги бандлигини босқичма-босқич таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни пиллачиликка ўқитиш ва даромадли меҳнатга жалб қилишда муҳим дастуриламал бўлиб, хизмат қилмоқда.

Бу каби ислоҳотлар амалда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Зарбдор туманида жорий йилда 2202 қути ипак қурти парвариш қилиниб, 182 тонна пилла етиштириш режалаштирилган. Энг муҳими, ушбу жараён орқали 3600 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланмоқда. Айни пайтда ипак қуртлари 16 та марказлашган пиллахона ва 410 та хонадонда парвариш қилинмоқда.
Меҳнаткаш пиллакорларнинг фидойилиги, хонадонлардаги баракали меҳнат, маҳаллалардаги ҳамжиҳатлик бугун Янги Ўзбекистон қишлоқларида янги иқтисодий муҳит шаклланаётганидан далолатдир. Зеро, пиллачилик — бу фақатгина ипак толаси эмас, балки минглаб оилалар ризқи, қишлоқ аёллари бандлиги, ёшлар келажаги ва мамлакат экспорт салоҳияти демакдир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзA мухбири