Лалми ерларда ресурс тежовчи технологиялар самараси намойиш этилди
Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида “Лалми ерларда экинларни ерга ишлов бермасдан экиш ва ёмғир сувини йиғиш технологиялари” мавзусида дала куни ташкил этилди. Тадбир FAO ҳамкорлигида амалга оширилаётган FOLUR – Ўзбекистон лойиҳаси доирасида ўтказилди.
Мазкур лойиҳа Глобал экологик жамғарма (GEF) молиявий кўмагида Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда FAO томонидан амалга оширилмоқда. Унинг асосий мақсади буғдой экишга ихтисослашган ҳудудларда барқарор ва инклюзив қишлоқ хўжалиги тизимини шакллантириш, замонавий инновацион ёндашувларни кенг жорий этишдан иборат.
Тумандаги “Жовли бобо ўғли Бахтиёр” фермер хўжалиги даласида ташкил этилган семинарда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшид Абдузухуров, FAOнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров, соҳа мутахассислари, фермерлар ва лойиҳа ҳамкорлари иштирок этди.
Тадбир давомида тупроқни муҳофаза қилувчи ва ресурс тежовчи технологияларнинг афзалликлари, ер унумдорлигини сақлаш, намликни бошқариш, ўсимлик қолдиқларидан самарали фойдаланиш каби масалалар юзасидан тақдимотлар ўтказилди. Иштирокчилар кўргазмали майдонларда ерга ишлов бермасдан экиш технологияси бўйича амалий жараёнлар, тупроқ профили ва инфильтрация намойишлари билан танишди.
– Фермерлик фаолиятини 2018 йилда бошлаган бўлсам, 6 йилдан буён FAO билан ҳамкорликда сув тежаш технологиясини қўллаб келаман, – дейди “Жовли бобо ўғли Бахтиёр” фермер хўжалиги раҳбари Жамшид Очилов. – Бу технологиянинг афзаллик томонлари кўп экан. Яъни сув танқис майдонларда қурғоқчиликнинг олдини олиш, ернинг унумдорлигини оширишда жуда самарали. Масалан, бу усулда ерни шудгор қилмасдан тўғридан-тўғри махсус сеялкада уруғ экилади. Кейинги тамойили алмашлаб экиш. Учинчи тамойили эса мулчалаш технологияси. Яъни ўсимлик қолдиқларини даланинг ўзида қолдириб, чириндини кўпайтириш орқали ернинг унумдорлиги оширилади. Мана шу усулларни қўллаган ҳолда ер майдонларимизга буғдой, арпа ва хашаки нўхат экиб мўл ҳосил оляпмиз. Йил қурғоқчил келган йилларда ҳам гектаридан 22 центнергача маҳсулот олдик. Йилдан-йилга сув танқислиги ошмоқда. Ерларимиз асосан лалми майдон. Мана шундай лалми ерларда деҳқончилик қилишда бу технология қўл келади. Жорий мавсумда “Қайроқтош” навли қурғоқчиликка бардошли буғдой навидан экканмиз. Насиб этса гектаридан 45-50 центнер ҳосил кутяпмиз.
Айниқса, кузги буғдойни ерга ишлов бермасдан экиш усулининг самарадорлиги амалий мисоллар орқали кўрсатиб берилди. Бунда экинлар алмашинуви, тупроқ юзасида ўсимлик қолдиқлари қопламасини сақлаш, намликни ушлаб туриш, сувнинг тупроққа сингиши ҳамда тупроқ зичлиги каби муҳим агротехник кўрсаткичларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, анъанавий ва ресурс тежовчи технологиялар асосида етиштирилган экинлар ўртасидаги фарқлар таққосланди.
Семинарнинг яна бир муҳим йўналиши ёмғир сувини йиғиш ва ундан самарали фойдаланиш технологиялари тақдимоти бўлди. Лойиҳа доирасида Қашқадарё вилоятида 3 та майдонда жами 6 гектар ҳудудда сув йиғиш тизимлари жорий қилинган. Юқори қияликларда тош билан мустаҳкамланган градони террасалар, ўрта қияликларда мустаҳкамланмаган террасалар, паст қияликларда эса хандақлар ва сув йўналтирувчи полосалар қўлланилган.
– Дала кунларини ўтказишдан мақсад буғдой ишлаб чиқариш ландшафтларида ерга, био хилма-хилликка салбий таъсир кўрсатмасдан буғдой ишлаб чиқаришни кўпайтириш, – дейди БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси лойиҳа координатори Азиз Нурбеков. – Боиси озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда буғдойнинг аҳамияти катта. Шуни билган ҳолда биз айнан лалми майдонларда тупроққа ишлов бермасдан, экиш технологияларини жорий этяпмиз. Бунда махсус сеялкадан фойдаланяпмиз. У ернинг қаттиқ ҳолатида ҳам уруғни экиш имкониятига эга. Ушбу лойиҳани 2019 йилда бошлаган бўлсак, самараси жуда яхши бўляпти. Гектаридан бир тоннадан 5 тоннагача ҳосил олишга эришиляпти. Бу технологиянинг яна бир муҳим сабабларидан бири келажакда иқлим ўзгаришларини юмшатади. Чунки бунда ернинг шудгорланмаслиги эвазига ис гази чиқиши камаяди. Углероднинг тупроқда сақланиб қолишига эришилади. Натижада тупроқнинг унумдорлиги ошиб, намлик яхши сақланади. Бу эса экинларнинг яхши ўсишини таъминлайди. Ушбу фермер ҳам биз билан етти йилдан буён ҳамкорлик қилиб келяпти ва яхши ҳосил оляпти. Келгусида бу технологияни лалми майдонларга кенг жорий этиш мақсад қилинмоқда.
[gallery-29375]
Иштирокчилар писта плантацияларида ёмғир сувини йиғиш технологиялари билан ҳам танишди. Хусусан, ярим ойсимон сув йиғувчи технология орқали ёмғир сувини тупроқда ушлаб қолиш ва уни ўсимлик илдиз қисмига йўналтириш имкониятлари намойиш этилди. Мутахассислар таъкидлашича, бу усул қурғоқчил ҳудудларда намликдан самарали фойдаланиш ҳамда иқлим ўзгариши шароитида қишлоқ хўжалиги барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Дала куни доирасида фермерлар ўз амалий тажрибалари билан ўртоқлашиб, тупроқ унумдорлигини ошириш, ҳосилдорликни кўпайтириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирди.
Таъкидланганидек, бундай амалий семинарлар фермер ва мутахассисларга янги технологияларни бевосита дала шароитида синаб кўриш, уларнинг самарадорлигини баҳолаш ҳамда маҳаллий шароитга мослаштириш имконини беради. Шу билан бирга, давлат ташкилотлари, халқаро ҳамкорлар ва фермерлар ўртасидаги амалий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари