WAM: БАА Германияга 40 миллиард евро инвестиция киритади
Бирлашган Араб Амирликлари Германиянинг саноат, илғор технология, сунъий интеллект, рақамли инфратузилма ва энергетика каби муҳим соҳаларига 40 миллиард евро сармоя киритиш режасини эълон қилди. Бу ҳақда ахборот ҳамкоримиз WAM ёзган.
Ушбу қарор БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг ГФРга амалга оширган давлат ташрифи доирасида қабул қилинди.
Ажратилаётган умумий маблағнинг 10 миллиард евроси Бавария минтақасига йўналтирилади. Умуман, айни ташаббус араб давлатининг узоқ муддатли иқтисодий шерикликни мустаҳкамлашга интилишини ҳамда Германиянинг саноат ва инновация соҳасидаги салоҳиятига кучли ишончини ифодалайди.
Германиянинг юқори технология ва тадқиқот имкониятини БААнинг йирик лойиҳаларни молиялаштириш тажрибаси билан бирлаштирадиган мазкур инвестициявий келишув икки мамлакат компаниялари ҳамкорлигини чуқурлаштириб, келгусида иқтисодий ўсишни таъминлайдиган тармоқларда янги имкониятлар очади.
Молиявий қийматидан ташқари, бу битим изчил шерикликка мустаҳкам пойдевор қўйиб, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлайди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА