Вояга етмаганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши: муаммолар ва ечимлар
Сўнгги йилларда ижтимоий тармоқлар глобал ахборот маконининг ажралмас қисмига айланиб, айниқса ёшлар ўртасида фаол қўлланилмоқда. Рақамли технологияларнинг оммалашуви натижасида ахборот алмашинуви тезлашди, бироқ бу жараён ахборот хавфсизлиги, ёшларнинг онгига таъсир кўрсатувчи контент ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ қатор муаммоларни ҳам юзага келтирди.
Интернет фойдаланувчилари ва қамровнинг кенгайиши билан мос равишда ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар сонининг ҳам ўсиб бориш тенденцияси кузатилмоқда.
“Datareportal” нашри маълумотларига кўра, ер юзидаги интернет фойдаланувчилари 2022 йил бошида 4,95 млрд (глобал интернет қамровининг 62,5 %)ни ташқил қилган бўлса, 2026 йилда 6,12 млрд (73,8 %)га етган. Мос равишда ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар сони 2022 йил бошида 4,62 млрддан 2026 йилда 5,66 млрд (67,7 %)га кўпайган.
2022 йил бошида ижтимоий тармоқлар учун фойдаланувчилар томонидан сарфланадиган вақт ўртача 2 соат 27 дақиқани ташкил этган бўлса, 2026 йилга келиб, 2 соат 50 дақиқага етган.
БМТ маълумотларига кўра, интернетдан фойдаланувчиларнинг 82%ни 15-24 ёшдагилар ташкил этмоқда.
Internet Matters маълумотларига кўра, 11-16 ёшдаги болаларнинг 13 % ижтимоий тармоқларда ўзларининг канал ва блогларига эгалар.
Дунё бўйлаб 12-17 ёшдаги ўсмирлар бир кунда ўртача 4 соатдан кўпроқ вақтларини ижтимоий тармоқларда ўтказаётган бўлсалар, 8 ёшгача бўлган болалар бир кунда камида 14 дақиқа ўз вақтларини TikTok, Instagram ва YouTubeда ўтказмоқда.
Интернет қамровининг кенгайиши, мобил алоқа хизматлари нархининг арзонлашиши ҳамда смартфонларнинг оммавийлашуви натижасида аҳолининг барча қатламлари, болалар ва ўсмирлар ҳам рақамли муҳитнинг фаол иштирокчисига айланаётганини кўриш мумкин.
Ўзбекистонда ҳам ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш кўрсаткичлари изчил ўсиб бормоқда. DataReportal (Digital 2024: Uzbekistan) маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2022 йил бошида интернетдан фойдаланувчилар 24,1 млн, ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар 6,2 млнни ташкил этган бўлса, 2026 йил 1 январь ҳолатига интернет фойдаланувчилари 31,1 млн, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари 14,1 млнга етган.
Таҳлиллар, интернетдан фойдаланувчилар, уларга мос равишда ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар сони барқарор ўсиб бораётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, ижтимоий тармоқлардаги ахборот оқимининг назоратсизлиги турли хавф-хатарларни келтириб чиқармоқда. Pew Research Center тадқиқотига кўра, ўсмирларнинг 46 фоизи интернетда зарарли ёки ёшга мос бўлмаган контентга дуч келганини билдирган. UNICEF ҳисоботларида эса болаларнинг онлайн муҳитдаги хавфсизлиги, жумладан, кибербуллинг, шахсий маълумотларнинг тарқалиши ва психологик босим ҳолатлари асосий муаммолардан бири сифатида қайд этилган.
Хорижий давлатлар бу борада аниқ ҳуқуқий ва институционал механизмларни жорий этмоқда. Масалан, Францияда қабул қилинган қонунчиликка кўра, ижтимоий тармоқлар 15 ёшгача бўлган фойдаланувчиларни ота-она розилигисиз рўйхатдан ўтказмаслиги шарт. Австралияда эса “Online Safety Act” доирасида болаларни зарарли контентдан ҳимоя қилиш бўйича қатъий талаблар белгиланган. Буюк Британияда “Online Safety Bill” орқали интернет платформалар зиммасига фойдаланувчилар, айниқса, вояга етмаганларни ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятлар юклатилган.
Испанияда ҳам болалар ва ўсмирларнинг рақамли муҳитдаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича алоҳида стратегия амалга оширилмоқда.
Марказий Осиё давлатларида ҳам ушбу йўналишда ислоҳотлар бошланган. Қозоғистон ва Қирғизистонда интернет контентни тартибга солиш, ёшларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш бўйича қонунчилик такомиллаштирилмоқда. Ўзбекистонда эса “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги ва “Болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар доирасида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шунингдек, ахборот маконида миллий контентни ривожлантириш ва ёшларни медиа саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, ижтимоий тармоқлар замонавий жамият тараққиётида муҳим ўрин тутса-да, улардан самарали ва хавфсиз фойдаланишни таъминлаш долзарб вазифа ҳисобланади. Бу борада давлат, жамият ва оила ҳамкорлигида комплекс ёндашувни шакллантириш, ёшларнинг рақамли маданиятини ошириш ва аниқ ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Абдуллалатиф Рахманов,
Демокрaтик жaрaёнлaрни тaҳлил қилиш мaркaзи
Нaмaнгaн вилояти ҳудудий бўлими мутаҳассиси