Вобкент туманида ўтказилган тезкор тадбир
Бугун мамлакатимизда жиноятчиликнинг ҳар қандай кўринишига, айниқса, иқтисодий хавфсизликка таҳдид солувчи қалбаки пул муомаласи ҳамда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ қонунбузарликларга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда.
Давлат раҳбари томонидан жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли осойишталигини асраш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббуслар ана шундай чора-тадбирларнинг ҳуқуқий ва амалий асосини мустаҳкамламоқда.
Бу борада Бухоро вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда Вобкент туманида ўтказган тезкор тадбир эътиборга молик.

Тезкор тадбир давомида олдиндан кузатувга олинган шахснинг яшаш хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, ҳар бири 2 минг сўмлик бўлган жами 1 516 дона қалбаки банкнота ҳамда уларни тайёрлашда фойдаланилган бир дона рангли принтер аниқланган.
Эътиборлиси, муомалага чиқарилиши кўзланган қалбаки пулларнинг умумий номинал қиймати 3 миллион 32 минг сўмни ташкил этади. Бироқ ҳолатнинг хавфли жиҳати фақат қалбаки пул тайёрлаш билан чекланмаган.

Хонадонни кўздан кечириш жараёнида оғирлиги 284,71 грамм бўлган “марихуана”га ўхшаш модда ҳамда хонадонда парваришлаб келинган 7 туп “каннабис” ўсимлиги ҳам топилган.
Мазкур ҳолат бир хонадон доирасида содир этилган алоҳида қонунбузарлик эмас, балки жамият хавфсизлигига бир вақтнинг ўзида бир нечта йўналишда таҳдид солувчи ҳолат сифатида баҳоланиши билан аҳамиятли. Зеро, қалбаки пул муомаласи иқтисодий барқарорлик ва фуқароларнинг молиявий манфаатларига зарар етказса, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар аҳоли, айниқса, ёшлар ҳаёти ва келажагига жиддий хавф туғдиради.

Шу маънода, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўзаро ҳамкорлигига асосланган бундай тезкор тадбирлар нафақат содир этилган жиноятни фош этиш, балки унинг ортида турган хавфли илдизларни барвақт аниқлаш ва бартараф этишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов натижаларига кўра, ҳолатнинг барча тафсилотларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири