Куз-қиш мавсумида хавфсизликка эътибор кучайтирилади
Нурафшон шаҳрида “Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ва устувор вазифалар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда дастлаб соҳа мутахассислари томонидан атрофлича маълумот берилди.
Қайд этилганидек, куз-қиш мавсумида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, ёнғинлар ҳамда ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш долзарб вазифалардан биридир. Шу туфайли жойларда бу борада профилактик тадбирлар кучайтирилиб, аҳоли турар жойлари ва ижтимоий соҳа объектларида хавфсизлик ҳолати ўрганилмоқда.

Таҳлилларга кўра, вилоятда қайд этилаётган ёнғинларнинг салмоқли қисми аҳоли яшаш жойларига тўғри келади. Хусусан, келтирилган маълумотларда 799 та ёнғиндан 522 таси, яъни 67 фоизи турар жойларда содир бўлгани кўрсатилган. Бу эса профилактик ишларни, биринчи навбатда, хонадонларда кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Маиший газ ускуналаридан нотўғри фойдаланиш, электр тармоқларига ортиқча юклама тушириш, носоз иситиш мосламаларини ишлатиш, тутун мўриларини ўз вақтида тозаламаслик ёнғин ва ис газидан заҳарланиш хавфини оширади. Шу боис хавфсизлик талабларига риоя этиш нафақат масъул идоралар, балки ҳар бир фуқаронинг ҳам муҳим вазифасидир. Тошкент вилоятида фавқулодда вазиятлар хавфини камайтириш, аҳоли турар жойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида кенг кўламли профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.

– Ҳудуддаги 883 та маҳалла фуқаролар йиғинига ҳар тўртта маҳаллага бир нафардан, жами 197 нафар давлат ёнғин назорати инспектори бириктирилган, – дейди Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси бўлим бошлиғи Нурисломбек Тешабоев. – Бу орқали маҳаллаларда хавф-хатарларни барвақт аниқлаш, аҳоли билан манзилли ишлаш ва ёнғинларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни самарали ташкил этиш кўзда тутилган. Шунингдек, Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси томонидан “Маҳалла муҳофазаси” лойиҳаси Чирчиқ шаҳри, Бўстонлиқ, Зангиота, Тошкент ва Қибрай туманларида синов тариқасида йўлга қўйилди. Мазкур ҳудудларга малакали ходимлар жалб қилиниб, жами 30 нафар ходимнинг хизмат фаолияти ташкил этилди.
Кўп қаватли ва якка тартибдаги уйларда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари ҳамда ёнғин-қутқарув қисмлари шахсий таркиби томонидан жами 370 минг 538 та хонадон ўрганилди. Профилактик тадбирлар доирасида 20 минг 386 та хонадонга газ анализаторлари, 13 минг 116 та хонадонга тутунни аниқловчи, 18 минг 641 та хонадонга эса ис газини аниқловчи датчиклар ўрнатилди. Шу билан бирга, 72 минг 837 та уйнинг вентиляция тизими ҳамда 73 минг 162 та хонадоннинг тутун мўрилари тозаланди. Ўрганишлар давомида жами 36 минг 27 та камчилик аниқланиб, уларнинг 31 минг 202 таси бартараф этилди.
Бу рақамлар профилактик тадбирларнинг кўламини кўрсатиш билан бирга, хонадонларда хавфсизлик талабларига риоя этиш ва аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф қилиш муҳимлигини ҳам англатади.

Муҳими, амалга оширилган профилактик чора-тадбирлар натижасида 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида Тошкент вилоятида 779 та ёнғин қайд этилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17 фоизга камдир. Фуқароларнинг тан жароҳати олиш ҳолатлари 4 тага, яъни 20 фоизга камайган. Ёнғинлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони эса 2 нафарни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткич билан тенг бўлган. Маҳаллалар кесимидаги таҳлиллар ҳам ҳудудлардаги вазиятни баҳолаш ва профилактик ишларни манзилли ташкил этиш имконини беради. Вилоятдаги жами маҳалланинг 57,8 фоизида ёнғин содир бўлмаган. Ушбу маҳаллалар яшил даражага киритилган. Яна 24,6 фоизида учта ва ундан ортиқ ёнғин содир бўлгани сабабли қизил даража, маҳаллаларнинг 17,7 фоизида эса бир ёки иккита ёнғин қайд этилгани учун сариқ даража белгиланган.
Мазкур кўрсаткичлар ёнғинлар қайд этилмаган маҳаллалардаги ижобий тажрибани сақлаш, хавф юқори бўлган ҳудудларда эса профилактик тадбирларни кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Тадбирда мутахассислар томонидан журналистларнинг берган саволларига атрофлича жавоб берилди.
А.Мусаев, ЎзА