Узлуксиз таълим – тараққиёт пойдевори
Таълим ва илм ҳақида сўз борганда, Абу Райҳон Берунийнинг “Илмдан ўзга нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас” деган пурмаъно ҳикмати онгимизни чулғайди. Ҳа, албатта, таълим-тарбия ва илмга эътиборни кўрганимизда, буюк бобокалонларимизнинг орзу-умидлари рўёбини кўрамиз
Бугунги кунда ҳикматлар ва орзулар рўёби Янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини кўриб, устоз Абдулла Авлонийнинг “Таълим биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё бахт – ё фалокат масаласидир”, деган даъватлари ёдимизга келаверади.
Дарҳақиқат, кечаги кунимиз тарихини яратувчи ҳам, бугунги кунимизнинг қудратини белгиловчи ҳам, эртамизнинг порлоқ келажагини тузувчи ҳам таълим ва илму фан аҳлидир.
Шу нуқтаи назардан, Президентнинг 2026 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Таълим ва илм-фан вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони учинчи Ренессанс учун мустаҳкам пойдевор бўлди.
Кенг жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинган ушбу Фармон билан янги вазирлик зиммасига мактабгача таълим ва тарбиядан тортиб, умумий ўрта, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, қўшимча ва норасмий таълимгача бўлган барча йўналишларда ягона давлат сиёсатини амалга ошириш вазифаси белгилаб берилди.
Бу Фармонни “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий вазифалари асосида баҳолар эканмиз, таъкидлаш жоизки, ягона, узлуксиз ва сифатли таълим ғояси партия учун бегона эмас. Партия сайловолди дастурида таълимга инвестиция киритиш халқ фаровонлиги ва давлат рақобатбардошлигини таъминловчи муҳим омил сифатида баҳоланиб, узлуксиз таълим тизимини мунтазам такомиллаштириш, сифатли таълим-тарбия бериш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш тарафдори эканлиги аниқ ифодаланган.

Шу маънода, ушбу Ҳужжатни партия дастурий ғоялари ҳаётда ўз ифодасини топаётгани сифатида ҳам баҳолаш мумкин. Ваҳоланки, “Адолат” партияси таълим масаласига доимо инсон капитали, ижтимоий адолат ва тенг имкониятлар нуқтаи назаридан ёндашиб келган. Сиёсий партиянинг дастурий мақсади билан давлат сиёсати ўртасида уйғунлик пайдо бўлиши – бу, аввало, жамият ривожи учун ижобий ҳолат.
Бизнинг қарашимизча, сифатли таълим инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши учун қанчалик муҳим бўлса, мамлакат тараққиёти учун ҳам ҳамин қадар зарур. Шунинг учун, боғчадан бошланган таълим-тарбия мактабда узилиб қолмаслиги, мактабда олинган билим касбий ёки олий таълимда давом этиши, олий таълим эса илм-фан ва замонавий меҳнат бозори билан узвий боғланиши лозим. Айниқса, дарсликлар ва қўшимча адабиётлар бир-бирини тўлдириб бориши шарт.
Фармонда айнан ана шу ёндашув – таълимнинг барча турлари ўртасидаги узвийликни таъминлаш ва ягона самарали бошқарув тизимини жорий этиш мақсади белгилаб берилган. Бу албатта, ягона мақсад, ягона тизим, ягона натижа учун хизмат қилади.
Яна эътиборли жиҳати, икки вазирликнинг бирлашиши – икки тизимнинг эмас, аслида бир мақсаднинг бирлашувидир. Тўғри, бир қарашда, гап икки вазирликни битта вазирликка бирлаштириш ҳақида кетмоқда. Аммо масаланинг моҳияти бундан анча кенг. Гап – таълимнинг турли босқичларини ва бошқарувини ягона мантиқий занжирга бирлаштириш ҳақида кетмоқда.
Шунда таълим тизимида ҳар бир босқич кейинги босқичдан узилган алоҳида тизим эмас, балки ягона таълим йўлининг узвий қисми бўлади. Бу “катта йўл” эса партия дастурида илгари сурилган узлуксиз таълим ва тарбиядаги узвийлик ғояси билан тўла уйғун.
“Бошқарувда якдиллик” – энг аввало, ягона масъулият дегани. Янги вазирликнинг ташкил этилиши бошқарувда қулайлик яратиши мумкин. Аммо бу жараённинг ҳақиқий самараси унинг ташкилий жиҳати билан эмас, инсон тақдиридаги натижаси билан ўлчанади. Халқимизда “Экканингни ўрасан” деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Бугун ота-она фарзандининг боғчадаги тарбияси, мактабдаги таълими, касб танлаши, олий таълимга кириши ва кейинчалик меҳнат бозорида ўз ўрнини топишигача бўлган жараёнда бир-бирига боғлиқ тизимларни кўради.
Шунинг учун давлат бошқарувининг ҳам ана шу узвийликни таъминлашга қаратилган мақсади аниқ. Яъни, бир бола – бир таълим йўли – ягона давлат сиёсати – ягона масъулият қамровида бўлсин. Менимча, янги тизимнинг энг катта муваффақияти ҳам шунда.
Бирлаштиришнинг ўзи мақсад эмас. Асосий мезон – натижа. Янги тизим ана шу натижани беради. Таълимда яратилаётган тенг имкониятлар – жамиятдаги ижтимоий адолатнинг муҳим шартига айланади. Пировардида, янги Таълим ва илм-фан вазирлигининг ташкил этилиши нафақат бошқарув тизимидаги ўзгариш, балки инсон капиталини ривожлантириш, тенг имкониятларни кенгайтириш ва адолатли жамият барпо этиш йўлидаги муҳим қадам сифатида хизмат қилади.
Бу ишларни изчил ривожлантиришга қаратилган Президентнинг жорий йил 19 октябрдаги “Таълим ва илм-фан вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори таълим ва илм-фан соҳасини янада такомиллаштириш, бошқарув самарадорлигини ошириш ҳамда таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Мазкур қарорда таълим тизимидаги ташкилий ўзгаришлар билан бир қаторда, билим ва малакаларни баҳолашнинг ягона тизимини шакллантириш, педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш ва таълим сифатини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Дарҳақиқат, мамлакатнинг тараққиёти, аввало, билимли, мустақил фикрлайдиган ва замонавий касб-ҳунарларни эгаллаган авлодни тарбиялашга боғлиқ. Шу маънода, таълим ва илм-фан соҳасидаги ислоҳотлар нафақат бугунги кун, балки юртимизнинг эртанги истиқболи учун ҳам мустаҳкам замин яратади.
Энг муҳими, амалга оширилаётган ўзгаришлар қоғоздаги ташкилий янгиланишлар билан чекланиб қолмасдан, ўқитувчилар фаолиятида, ўқувчилар билимида ва таълим муассасалари самарадорлигида аниқ натижалар билан намоён бўлиши лозим.
Ишончимиз комилки, қарорда белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилиши таълим сифати ва илм-фан салоҳиятини юксалтириш, инсон капиталини ривожлантириш ҳамда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт мақсадларига эришишга хизмат қилади.
Зеро, таълимда узлуксизлик – билимда изчилликни, билимда изчиллик – касбда маҳоратни, касбда маҳорат эса мамлакат тараққиётини таъминлайди. Адолатли жамиятда Учинчи ренессанснинг пойдевори эса сифатли таълимдан бошланади.
Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши раисининг ўринбосари.
ЎзА