Устувор вазифалар ижроси самарадорликни таъминлайди
Давлатимиз раҳбари ҳузурида жорий йил 7 апрель куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга олиб чиқишга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини ҳудудларда самарали ташкил этиш, соҳада коррупцияга қарши курашнинг замонавий механизмлари, очиқлик ва шаффофлик тамойилларини таъминлаш, электрон бошқарув тизимининг имкониятлари ва оммавий спорт тадбирларини рақамли бошқариш масаласи бугунги глобаллашаётган даврнинг устувор вазифалари ҳисобланади.
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларнинг раҳбарлари иштирокида ўтказилаётган ўқув-семинарда шу ҳақда сўз борди.
Соҳанинг етакчи мутахассислари, экспертлар, тегишли ташкилот вакиллари мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган таълим муассасаси мутасаддиларига раҳбарнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги шахсий масъулияти, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, хизмат фаолиятида қонунийликни таъминлаш, спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, белгиланган устувор вазифаларни ҳудудларда тизимли ташкил этиш юзасидан тушунтиришлар берди.

Шунингдек, спорт мактаблари учун белгилаб берилган асосий кўрсаткичларга эришиш, аҳолини оммавий спортга жалб этиш, рақамли технологиялар ва профессионал спортчи тайёрлаш тизимини такомиллаштириш орқали муассасалар фаолиятида самарадорлик кўрсаткичларини яхшилаш мезонлари таҳлил қилинди.
Т. Рўзиев,
ЎзА