«Универсиада»: 4 мингдан зиёд талаба майдонга чиқади
Мамлакатимизда ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада анъанавий «Универсиада» спорт мусобақалари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жумладан, 2026/2027 ўқув йилида ўтказиладиган «Универсиада» мусобақаларининг республика финал босқичида мамлакатимиз олий таълим муассасаларидан 4 мингдан ортиқ талаба спортнинг 14 тури бўйича баҳс олиб боради.
Мазкур беллашувлар талаба-ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун кенг имконият яратиш, уларнинг жисмоний тайёргарлиги ва спорт маҳоратини ошириш, олий таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилган. Шунингдек, мусобақалар жараёнида ўз иқтидорини намоён этган ёшларни саралаб олиш ва уларни профессионал спортга йўналтириш учун ҳам муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
Республика финал босқичи 2026 йил 1 декабрь куни Хоразм вилоятида бошланади. Мусобақалар 2027 йил 25 апрелга қадар мамлакатимизнинг турли ҳудудларида давом этади.

Мусобақалар тақвими:
2026 йил:
1–4 декабрь — Хоразм вилоятида шахмат ва шашка;
9–12 декабрь — Тошкент вилоятида стол тенниси;
15–18 декабрь — Самарқанд вилоятида стрит воркаут.
2027 йил:
19–23 январь — Жиззах вилоятида белбоғли кураш;
26–30 январь — Сирдарё вилоятида дзюдо;
2–6 февраль — Фарғона вилоятида эркин ва юнон-рум кураши;
16–19 февраль — Наманган вилоятида енгил атлетика;
23–27 февраль — Андижон вилоятида кураш;
2–7 март — Қашқадарё вилоятида футбол;
16–19 март — Сурхондарё вилоятида бадминтон;
24–27 март — Тошкент шаҳрида стритбол;
6–11 апрель — Қорақалпоғистон Республикасида волейбол (эркаклар ва аёллар);
13–18 апрель — Бухоро вилоятида гандбол (эркаклар ва аёллар);
20–25 апрель — Навоий вилоятида баскетбол (эркаклар ва аёллар).
Таъкидлаш жоизки, бундай оммавий спорт мусобақалари ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларда ирода, интизом ва жамоавийлик фазилатларини шакллантиришга ҳам хизмат қилади. Энг муҳими, талабалар спорти орқали янги истеъдодларни кашф этиш, мамлакатимиз спорт захирасини муносиб номзодлар билан бойитиш имконияти кенгаяди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА