UNICEF: Эбола хотин-қизларга кўпроқ хавф солмоқда
Конго Демократик Республикасида Эбола эпидемияси аҳоли, айниқса аёллар ва қизлар ҳаётига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳақда БМТ Женевадаги бўлимида ўтказилган брифингда UNICEF Эболага қарши кураш бўйича глобал раҳбари Дуглас Нобл маълум қилди.
Эксперт май ойидан буён касаллик тарқалишини жиловлаш бўйича сезиларли натижага эришилганига эътибор қаратган. Бинобарин, эпидемиянинг оилалар ва маҳаллий жамоаларга таъсири тобора кучаймоқда. Мамлакатда ҳар 10 кишидан 7 нафари ихоталанган, карантинга олинган ёки касалланганлар билан алоқада бўлганларни кузатиш чораси қўлланаётган хонадонларда яшайди.
Нобл қайд этишича, карантин ва контактни кузатиш вирус тарқалишининг олдини олиш учун жуда муҳим. Афсуски, бундай чора оилаларга жиддий босим ўтказмоқда. Айниқса, аёллар ва қизлар кўпроқ зарар кўряпти. Шунингдек, мамлакатда қуролли зўравонлик кучайиши ва Эбола билан боғлиқ қўрқув ожизалар эркин ҳаракатланишини чекламоқда. Натижада улар тазйиқ ва зўравонликка нисбатан янада ҳимоясиз бўлиб қоляпти.
UNICEF ҳамкор ташкилотлар билан бирга июнь ойидан буён Итури ва Шимолий Киву вилоятларида гендер зўравонлигидан жабр кўрган 3 300 кишига ёрдам кўрсатди. Барибир, аёллар ва болалар муҳофазаси эпидемияга қарши курашда энг кам молиялаштирилаётган йўналишдир: маблағ етишмовчилиги 76 фоизни ташкил этмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА