АҚШ Яқин Шарқдаги фуқароларини огоҳликка чақирди
Қўшма Штатлар Ямандаги хусий исёнчиларининг Саудия Арабистонига ҳужуми кучайгани ҳамда Теҳроннинг минтақадаги АҚШ мажмуаларига зарба беришга уриниши ортидан ўз фуқароларини юқори даражада эҳтиёткорликка чақирди.
Ар-Риёддаги АҚШ элчихонаси баёнотига кўра, Эрон Баҳрайн ва Кувайтдаги Америка иншоотларига, хусийларнинг эса Саудия инфратузилмаси ва фуқаролик аэропортларига уюштирган ҳужуми қурбонлар ҳамда транспорт қатновида жиддий узилишга олиб келган. Шу боис, элчихона минтақада можаро тезда авж олиши эҳтимолидан огоҳлантириб, америкаликларни рейслар бекор қилиниши ва ҳаво ҳудуди ёпилишига тайёр туришга ундади. Саёҳатчиларга ҳаво қатнови ўрнига очиқ қолаётган қуруқликдаги чегара ўтиш манзиллари, хусусан Қирол Фаҳд кўприги ҳамда Ар-Риёд, Жидда ва Даҳрон атрофидаги йўллар орқали шахсий транспорт, поезд ёки автобусдан фойдаланиш, шунингдек Баҳрайн, Иордания, Ўмон, Қатар ва БААдаги ишлаб турган халқаро аэропортлардан парвоз ҳолатини бевосита ўрганиш тавсия этилмоқда.
Аввалроқ хусийларнинг Ар-Риёддаги молия маркази минорасига дрон ҳужуми оқибатида 11 киши жароҳатланган, Саудия бошчилигидаги коалиция бунга қатъий жавоб қайтаришини билдирган эди. Эслатиб ўтамиз, 2014 йил хусийлар Санони эгаллаши билан бошланган, 2015 йил Саудия коалицияси аралашуви билан яна кучайган Яман инқирози 2022 йилги сулҳдан сўнг бироз юмшаган бўлса-да, июль ойидан бери жанг қайта авж олиши ортидан исёнчилар Саудияга баллистик ракета ва дрон учиришни яна кўпайтирди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА