Учтепада бозорлар фаолияти рақамлаштирилиши натижасида тушумлар 30 фоизга ошган
Шу йил 27 январь куни Президентимиз раислигида Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида профилактика хизматлари фаолиятини маҳаллабай асосда тўғри ташкил этиш, жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятчилик ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш борасида бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари мазкур вазифалардан келиб чиқиб Учтепа туманида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганди. Ўрганишлар давомида тумандаги профилактика ишлари, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, масъул идоралар ва “маҳалла еттилиги”нинг ҳамкорлиги каби масалаларга эътибор қаратилди.

Маълум бўлганидек, туманда патруль-пост, йўл-патруль, қўриқлаш ва профилактика хизматлари туну кун 3 сменали хизмат режимига ўтган. 5 та ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосарлари тунги хизматни бевосита маҳаллаларда ташкил қилиб бормоқда. Шунингдек, ҳуқуқбузарликларни содир этишга мойил бўлган фуқаролар билан манзилли ишлаш, видеокамераларни ўрнатиш, масъул идоралар ўртасида ҳамкорлик механизмлари кучайтириш, жамоат жойларида назорат ва профилактика тадбирларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Ўрганишлар давомида яширин иқтисодиётга қарши курашиш борасидаги вазифалар ижросига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, туман ҳудудидаги бозорлар фаолиятини рақамлаштириш ишлари натижасида тушумлар 30 фоизга ошган.
Туман мутасаддилари билан мулоқот мобайнида маҳаллаларда содир этилган жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари, уларни келтириб чиқараётган омиллар, интернет ва кибермакондаги таҳдидлар билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Ижтимоий профилактика ишларига нуронийлар ва маҳалла фаолларини жалб қилиш, кибержиноятчилик бўйича тушунтириш ишларини кенгайтириш, жамоат жойларида “ташвиш тугмаларини” ўрнатиш ишларини жадаллаштириш бўйича тавсиялар берилди.
М.Комилова,
ЎзА