Қирғизистонда “Starlink” сунъий йўлдош интернети ишга тушди
Қирғиз Республикасида америкалик тадбиркор Илон Маскнинг “SpaceX” компаниясига тегишли “Starlink” сунъий йўлдош интернети расман фаолият бошлади. Жорий йил 23 майдан эътиборан мамлакат лойиҳанинг глобал харитасида "хизматдан фойдаланиш мавжуд” бўлган ҳудудлар қаторига кирди.
Эндиликда маҳаллий аҳоли ва ташкилотлар “Starlink” платформаси орқали тарифлар билан танишиб, юқори тезликдаги интернетга уланиш учун тўғридан-тўғри ариза топширишлари мумкин.
Ҳукуматнинг билдиришича, лойиҳани йўлга қўйиш учун барча зарур техник, ҳуқуқий ҳужжатлар ва рухсатномалар тўлиқ расмийлаштирилган. Ушбу технология, айниқса, оддий алоқа инфратузилмаси етиб бориши қийин бўлган чекка ва тоғли ҳудудлардаги аҳоли пунктлари, мактаб ҳамда шифохоналарни сифатли интернет билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Ҳозирда “Starlink” дунёнинг юздан ортиқ давлатида ишламоқда. Марказий Осиёда ушбу тизимни аввалроқ Қозоғистон ва Тожикистон жорий этган бўлса, Қирғизистон минтақада ушбу замонавий технологиядан расман фойдаланишни бошлаган навбатдаги мамлакат бўлди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА