Учрашув ва фестивалнинг аҳамияти катта бўлди
Ёшлик — инсон қалбида орзу-умидлар қанот ёзадиган, дунёқараш ва ҳаётий қарашлар шаклланадиган беқиёс давр. Ана шу паллада ёш авлод қалбига Ватанга муҳаббат, юрт тақдирига дахлдорлик, эл-юрт олдидаги масъулият туйғуларини сингдириш келажак пойдеворини мустаҳкамлаш демакдир.
Жиззах вилояти Пахтакор туманида ўтказилган “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ҳамда “Ватанпарварлик фестивали” ана шу эзгу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Жиззах педагогика техникумида ташкил этилган тадбир Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисм, Ҳарбий прокуратура, Фахрийлар кенгаши ҳамда Миграция агентлиги ҳамкорлигида ўтказилди.
Учрашувда ёшларнинг бугунги ҳаёти ва келажак режалари, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш, ҳуқуқий ва маънавий саводхонлигини ошириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Айниқса, “Жаҳолатга қарши маърифат билан”, “Огоҳлик — давр талаби”, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва гиёҳвандликнинг олдини олиш сингари долзарб мавзулар юзасидан фикр алмашилгани эътиборга молик. Бугун ахборот оқими ниҳоятда тезлашган бир шароитда ёшларни турли салбий таъсирлардан асраш фақат тақиқ ва огоҳлантиришлар билан чекланиб қолмаслиги керак. Бунинг энг самарали йўли — ёш инсонда мустақил фикр, мустаҳкам эътиқод, юксак маънавият ва мафкуравий иммунитетни шакллантиришдир.
[gallery-31269]
Мулоқот давомида ёшларга жамиятда кечаётган жараёнларга бефарқ бўлмаслик, ҳар қандай салбий таъсир ва ёт ғояларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳимлиги тушунтирилди. Зеро, юрт тақдирига дахлдорлик аввало атрофдаги воқеа-ҳодисаларга бефарқ қарамасликдан бошланади.
Учрашувнинг яна бир муҳим жиҳати — ёшларнинг ўзини қизиқтирган масалалар юзасидан масъуллар билан бевосита мулоқот қилиш имконига эга бўлганларидир. Очиқ мулоқот муҳитида билдирилган таклиф ва ташаббуслар тингланиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ёшларнинг ғояларини қўллаб-қувватлаш ва уларни амалга ошириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Бу каби мулоқотларнинг қиймати шундаки, ёшлар ўзини жамиятнинг четдаги кузатувчиси эмас, балки унинг бугунги ва эртанги ҳаётига таъсир кўрсатувчи фаол куч сифатида ҳис қилишади. Ўз фикри эшитилаётганини, ташаббуси қадрланаётганини англаган ёшнинг ўз келажагига, демакки, Ватан келажагига ишончи ҳам ортади.
Тадбирнинг энг таъсирчан лаҳзалари “Ватанпарварлик фестивали” доирасида намоён бўлди. Фахрий қоровулнинг намойишкорона чиқиши, ҳарбий оркестр ижросидаги куй-қўшиқлар ёшларга кўтаринки кайфият бағишлади. Ватанга садоқат, жасорат ва юртга ҳурмат туйғуларини тараннум этган мусиқий чиқишлар ёшлар қалбида унутилмас таассурот қолдирди.
Аслида, ватанпарварликни фақат баландпарвоз сўзлар билан эмас, ана шундай таъсирчан ва жонли мулоқотлар, ибратли учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар орқали ҳам ёшлар онгига сингдириш мумкин. Чунки Ватан туйғуси инсон қалбида бир кунда пайдо бўлмайди. У оиладаги тарбия, маҳалла, мактаб, атроф-муҳит, миллий қадриятларга ҳурмат ва юрт ҳаётидаги фаол иштирок орқали тобора мустаҳкамланиб боради.
Пахтакор туманидаги тадбирда 300 нафар ёшнинг қамраб олингани ҳам бу йўналишдаги ишларнинг кўламини кўрсатади. Бироқ бундай учрашувларнинг ҳақиқий самараси қамров рақами билангина эмас, ёшларнинг қалби ва ҳаётида қандай ўзгариш ясагани билан ўлчанади. Шу маънода, ёшлар билан очиқ мулоқотларни мунтазам ташкил этиш, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш, иқтидор ва ташаббусларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш муҳим. Чунки ҳар бир қўллаб-қувватланган ташаббус — бир ёшнинг ўз кучига бўлган ишончини оширади. Ҳар бир эшитилган фикр эса унинг жамиятга дахлдорлик туйғусини кучайтиради.
Бугун билимли, маънавий баркамол, ташаббускор ва ватанпарвар ёшларни тарбиялаш — эртанги тараққиёт учун энг катта сармоядир. Зеро, юрт келажаги уни севган, қадрлаган ва тақдирига бефарқ бўлмаган авлод қўлида. Ватанпарварлик эса қалбдаги туйғу бўлиб қолмай, эзгу мақсад, масъулият ва амалий ҳаракатга айлангандагина ўзининг ҳақиқий қудратини намоён этади.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари