Муаммо хонадондан бошлаб ўрганилмоқда
Камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилавий даромадларни ошириш — бугун жойларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири. Бу вазифани самарали ҳал этиш эса фақат умумий чора-тадбирлар билан эмас, балки ҳар бир оиланинг ҳаёти, имконияти ва эҳтиёжини чуқур ўрганиш, муаммосини аниқлаш ҳамда унга мос ечим топишни талаб этади.
Президентимиз раислигида камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам бу борадаги вазифалар аниқ белгилаб берилди.
Унда аҳолини камбағалликдан чиқаришда фақат моддий кўмак кўрсатиш ёки имтиёзли кредит ажратиш билан чекланиб қолмасдан, ҳар бир инсоннинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, уни касбга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун зарур шароит яратиш муҳимлиги таъкидланди.
Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги Тажрибакор маҳалласида хонадонбай ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ердаги асосий ёндашув — муаммони масофадан туриб эмас, бевосита хонадонга кириб борган ҳолда ўрганиш ва ҳар бир оила учун аниқ чора-тадбир белгилашдан иборат.
Маҳаллада жами 146 та оила давлат таъминотидаги, камбағал ва камбағаллик чегарасидаги оилалар тоифасига киради. Шундан 33 таси давлат таъминотидаги, 25 таси камбағаллик чегарасидаги, 88 таси эса камбағал оилалар ҳисобланади.
Мазкур кўрсаткичлар ортида турли тақдирлар, турли эҳтиёж ва имкониятларга эга оилалар турибди. Шу боис уларнинг барчасига бир хил ёндашув билан ишлаш кутилган самарани бермайди. Кимгадир иш керак бўлса, бошқасига касб ўрганиш, яна бир оилага тадбиркорликни бошлаш учун молиявий кўмак ёки томорқадан унумли фойдаланиш бўйича амалий ёрдам зарур.
Куни кеча Гулистон тумани ҳокими Олимжон Жўраев бошчилигида Тажрибакор маҳалласида хонадонбай ўрганиш ишлари олиб борилди. Жараён давомида камбағаллик даражаси юқори бўлган 19 та оиланинг хонадонига борилиб, уларнинг даромад манбалари, ижтимоий ҳолати, мавжуд имкониятлари ва муаммолари бевосита жойида ўрганилди.

Ҳар бир оила билан алоҳида суҳбатлашилиб, унинг шароитидан келиб чиққан ҳолда доимий ва барқарор даромад манбаини шакллантириш бўйича индивидуал чора-тадбирлар белгилаб олинди. Бу жараёнда умумий тавсиялар бериш билан чекланиб қолмасдан, ҳар бир хонадоннинг имкониятига мос аниқ ечимларни белгилашга эътибор қаратилмоқда.
— Давлатимиз раҳбари аҳоли даромадларини ошириш, камбағалликдан чиқариш бўйича нафақат вазирлар ва ҳокимларга, балки биз — ҳоким ёрдамчиларига ҳам аниқ вазифаларни белгилаб берган. Туман ҳокими иштирокида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида маҳалламизда ташкил этилган хонадонбай ўрганишлар ҳамда аҳоли билан ўтказилган очиқ мулоқотлар давомида мавжуд камчилик ва муаммоларимиз рўй-рост кўрсатиб берилди.
Бу, аввало, биз — маҳалла еттилиги зиммасига катта масъулият юклайди. Энг муҳими, ишга шунчаки ёндашмасдан, ҳар бир хонадонни чуқур ўрганиш, муаммонинг асл сабабини аниқлаш ва амалий натижага эришиш бўйича аниқ йўналишлар белгилаб берилди. Энди вазифамиз — белгиланган чораларни изчил амалга ошириб, ҳар бир оиланинг имкониятини ишга солиш ва уларни барқарор даромад манбаига эга қилиш, — дейди маҳалла ҳоким ёрдамчиси Шокир Абдумўминов.
Хусусан, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган фуқароларга имтиёзли кредитлар ажратиш, тикувчилик ва қандолатчилик йўналишларида иш бошлаш учун субсидиялардан фойдаланиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш ҳамда мавжуд томорқа ерларидан самарали фойдаланиш орқали қўшимча даромад олиш имкониятлари тушунтирилмоқда.

— Камбағалликдан чиқариш, аҳоли даромадини ошириш — бу шунчаки гап эмас. Унга юзаки қараб бўлмайди. Бу борада давлатимиз раҳбари аниқ йўналиш ва вазифаларни белгилаб берди. Қачонки ҳар бир хонадоннинг имконияти, эҳтиёжи ва муаммосини чуқур ўрганиб, одамларга тайёр ёрдам бериш билан чекланмай, уларга ўз даромадини яратиш имконини берсак, шундагина ҳақиқий натижага эришамиз. Асосий мақсад — оилани бир марталик кўмакка эмас, доимий ва барқарор даромад манбаига эга қилиш. Бунинг учун ҳар бир хонадон билан алоҳида ишлаш, унинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва мавжуд имкониятларни ишга солишимиз керак, — дейди Гулистон тумани ҳокими Олимжон Жўраев.
Дарҳақиқат, хонадонбай ишлашнинг аҳамияти ҳам шундаки, ҳар бир оиланинг ички имкониятлари аниқланади. Тадбиркорликка қизиқиши ва муайян кўникмаси бор фуқаро қўллаб-қувватланса, у ўз фаолиятини бошлаб, нафақат ўзи, балки оила аъзолари учун ҳам даромад манбаини яратиши мумкин. Касб ўрганишга интилаётган инсонни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган йўналишларга ўқитиш эса унинг келгусида доимий иш билан таъминланишига замин яратади.

Шунингдек, томорқа ерларидан самарали фойдаланиш имкониятига эга оилаларни бу йўналишга жалб этиш орқали ҳам қўшимча даромад манбаини шакллантириш мумкин. Яъни, ҳар бир хонадондаги имкониятни тўғри аниқлаш ва уни даромад келтирадиган фаолиятга айлантириш асосий вазифа сифатида қаралмоқда. Бу ёндашувда фуқарони фақат ёрдам олувчи сифатида эмас, балки ўз фаровонлигини яратишга қодир инсон сифатида қўллаб-қувватлаш устувор аҳамият касб этади. Масъулларнинг вазифаси эса унинг имкониятини аниқлаш, зарур кўмакни кўрсатиш ва бу имкониятни амалий натижага айлантиришга кўмаклашишдан иборат.
Зеро, камбағалликни қисқартиришда асосий мезон қанча оилага ёрдам берилгани эмас, балки ана шу ёрдам натижасида қанча хонадонда барқарор даромад манбаи яратилгани билан белгиланади. Иш билан таъминланган фуқаролар сони кўпайса, янги тадбиркорлик субъектлари пайдо бўлса, томорқадан унумли фойдаланиш йўлга қўйилса ёки касб эгаллаган инсон меҳнати орқали даромад топа бошласа — хонадонбай ишлашнинг ҳақиқий самараси ана шунда намоён бўлади.

Шу маънода, Тажрибакор маҳалласида олиб борилаётган ишлар бир марталик тадбир эмас. Бу ҳар бир оиланинг иқтисодий ҳолатини яхшилаш, уларни меҳнат ва тадбиркорликка жалб этиш, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш орқали камбағалликни босқичма-босқич қисқартиришга қаратилган тизимли жараёндир.
Муҳими, хонадонбай ёндашув муаммонинг оқибати билан эмас, уни келтириб чиқараётган сабаблар билан ишлаш имконини беради. Оиланинг даромад манбаи, меҳнат салоҳияти, касбий кўникмаси ва эҳтиёжлари аниқ ўрганилгандагина унга кўрсатиладиган ёрдам манзилли, самарали ва натижадор бўлади.

Тажрибакор маҳалласидаги 146 та оиланинг ҳолатини ўрганиш, уларнинг имкониятларини аниқлаш ва ҳар бири учун индивидуал чораларни белгилашдан кўзланган мақсад ҳам шу — ҳар бир хонадонда барқарор даромад манбаини шакллантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оила фаровонлигини ошириш.
Чунки фаровон маҳалла ўз-ўзидан шаклланмайди. У, аввало, иқтисодий жиҳатдан барқарор, меҳнат қилаётган ва муносиб даромад топаётган оилалар ҳисобига юксалади. Шу боис бугун ҳар бир хонадонга кириб бориб, унинг муаммоси ва имкониятини ўрганиш — эртанги фаровон ҳаёт учун ташланаётган муҳим қадамдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири