Сувдан оқилона фойдаланиш — фаровонликнинг асосий шартларидан бири
Сув бор жойда ҳаёт бор. Аммо унинг фақат борлиги эмас, ҳар бир хонадон, ҳар бир томорқа ва ҳар бир экин майдонига ўз вақтида етиб бориши муҳим. Бунинг учун тармоқлар соз, тақсимот адолатли, муаммога муносабат эса тезкор бўлиши керак.
Сирдарё–Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида ўтказилган йиғилишда айнан шу масалалар — маҳаллалардаги ҳолатни ўрганиш, мавжуд тармоқлардан самарали фойдаланиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш вазифалари муҳокама қилинди.
Zoom платформаси орқали ўтказилган йиғилишда ҳавза бошқармаси бошлиғи Музаффар Турдибоев, марказий аппарат ходимлари, сув хўжалиги тизими ташкилотлари раҳбарлари ҳамда маҳаллаларга бириктирилган масъул ходимлар иштирок этишди.
Бугун иқлим ўзгариши ва ресурсларга эҳтиёж ортиб бораётган бир шароитда мавжуд имкониятдан оқилона фойдаланиш ҳар қачонгидан муҳим. Президентнинг 2026 йил 5 февралдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам сувни тежаш, тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ва исрофнинг олдини олиш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.
Бу вазифаларнинг натижаси эса кўп жиҳатдан қуйи бўғин — маҳалладаги ишнинг қай даражада тўғри ташкил этилганига боғлиқ.

Айни пайтда вилоятдаги 304 та маҳаллага 225 нафар сув хўжалиги ходими бириктирилган. Улар ҳудуддаги ҳолатни ўрганиш, аҳолининг эҳтиёжини аниқлаш, тармоқлардаги камчиликларни белгилаш ва уларни бартараф этишга амалий кўмаклашади. Яъни муаммо қоғозда қайд этилибгина қолмай, унинг ечими жойнинг ўзида изланади.
Йиғилишда маҳаллалардаги оқар сув таъминоти билан боғлиқ муаммоларни чуқур ўрганиш, мавжуд суғориш тармоқларини тўлиқ хатловдан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу шунчаки рўйхат тузиш эмас. Ҳар бир тармоқнинг ҳақиқий ҳолати, муаммоли нуқталари ва уларни бартараф этиш чоралари аниқланади.
Шунга кўра, тармоқ ва унга туташ ҳудудларни тозалаш, эскирган лотокларни янгилаш, зарур жойларга насос қурилмалари ўрнатиш, суғориш тармоқларини бетонлаштириш каби ишлар белгиланмоқда. Авария ва носозликлар юзага келганда эса уларни тезкор бартараф этиш талаб этилмоқда.
Бироқ барқарор таъминот фақат техникага боғлиқ эмас. Сувни қаерда, қанча ва қандай сарфлаш ҳам муҳим. Шу боис маҳаллаларда аҳоли ўртасида сувдан оқилона ва тежамкор фойдаланиш бўйича тарғибот ишларини кучайтириш вазифаси ҳам белгиланди.

Сув тақсимловчи иншоотларни таъмирлаш, уларнинг техник ҳолатини яхшилаш ва ресурсни адолатли тақсимлаш ҳам диққат марказида. Зеро, тақсимотдаги кичик номутаносиблик ҳам уни кутаётган хонадон ёки экин майдони учун катта муаммога айланиши мумкин.
Шунинг учун муаммони узоқдан туриб эмас, жойига чиқиб ўрганиш, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш ва ечимни ҳам шу ернинг ўзида излаш — бугунги талаб.
Ахир тозаланган ариқ, таъмирланган лоток, созланган насос ёки ўз вақтида бартараф этилган авария кимгадир оддий ишдек кўриниши мумкин. Аммо унинг ортида юзлаб хонадон, томорқа ва экин майдонларининг эҳтиёжи турибди.

Шу маънода маҳаллаларда бошланган бу ишлар оддий топшириқ эмас. Бу — сувни қадрлаш, унинг ҳар бир томчисини асраш ва одамларнинг ҳаётий эҳтиёжини таъминлашга қаратилган масъулият.
Сувни тежаш — бугуннинг талаби. Уни барқарор етказиб бериш эса эртанги фаровонликнинг муҳим шартидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири