Туркияда қурол назорати ва хавфсизлик чоралари кескин кучайтирилади
Туркиядаги сўнгги фожиалардан сўнг мамлакат президенти Режеп Таййип Эрдоған ўқотар қуролга эгалик қилиш қоидаларини кескинлаштириш ва мактаблар хавфсизлигини ошириш бўйича янги чораларни эълон қилди.
Таъкидланишича, ушбу қарор ўтган ҳафта давомида ўлкадаги таълим муассасаларида содир бўлган иккита фожиали отишма ҳодисасидан сўнг, жамият хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.
Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан сўнг баёнот берган давлат раҳбари мактабларда хавфсизликни сақлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши бўлиб қолишини алоҳида қайд этди. Шу боис, нафақат таълим даргоҳларида назорат кучайтирилади, балки ўқотар қурол эгаларининг масъулиятини ошириш мақсадида қонунчиликка қўшимча чекловлар киритилади.
Бундан ташқари, ҳукумат рақамли макондаги хавфсизликка ҳам алоҳида эътибор қаратмоқчи: эндиликда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари интернетдаги зарарли ва ёлғон контентларга қарши курашиш ҳамда киберхавфсизлик имкониятларини кенгайтириш бўйича тизимли иш олиб боради. Эрдоғаннинг сўзларига кўра, бундай комплекс ёндашув фуқаролар хавфсизлигини юқори даражада кафолатлашга хизмат қилади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА